Тадбиркор бўлганимдан фахр ифтихор туйдим
Бунёдкор халқимиз энг азиз, энг улуғ байрам – она юртимиз мустақиллигининг 31 йиллик шодиёналари арафасида турибди.
Ана шундай шукуҳли дамларда Президентимизнинг тадбиркорлик соҳаси пешқадамлари билан юзма-юз мулоқотга киришиб, улар билан дилдан суҳбатлашгани, энг муҳими – ушбу соҳани ривожлантириш бўйича ўта долзарб ҳамда кўлами кенг вазифаларни белгилаб бергани кўнглимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиш билан бирга зиммамизга алоҳида масъулият ҳам юклайди.
Президентимиз нутқини айнан конгресс марказида ҳозир бўлиб тинглаганимизнинг ўзи биз – тадбиркорлар қайси йўналишда фаолият олиб боришимиздан қатъи назар доимий эътиборда эканлигимизнинг амалдаги ифодасидир. Шу боис, бундай озод ва фаровон юртда умргузаронлик ва меҳнат қилишнинг ўзи чинакамига олий бахт ҳисобланади.
Тадбирда кейинги 5-6 йил давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар учун белгиланган қатор имтиёз ва преференциялар эндиликда янги имконият ва қўшимчалар билан бойитилганлигига амин бўлдик. Шубҳа йўқки, навбатдаги енгилликлар ҳам касбдошларимизни янги ютуқларни қўлга киритишга, эл-юртимиз манфаатлари йўлидаги фаолиятлари бардавом бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда таъкидланганидек, 2023 йил 1 январдан бошлаб микробизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилиши, айнан шу санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга тушириш мўлжалланаётганлиги, мамлакатимиз тадбиркорларининг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечилиши соҳа ходимлари учун айни муддао бўлгани ўз – ўзидан аён.
Хуллас, Президентимиз томонидан юртимизда тадбиркорликни янада тараққий эттириш бўйича белгилаб берилган 5 та устувор йўналишнинг ҳар биттаси соҳа ходимлари манфаатларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Дилмурод АҲАДОВ ,
“Бухоро дори –дармон” МЧЖ раҳбари,
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати
ЎзА