Тадбиркор аёлларнинг маҳорати муносиб баҳоланди
Шу кунларда маҳалла фуқаролар йиғинларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясининг “Ишбилармон аёл” кўрик танловлари давом этмоқда. Маҳаллаларда саралаш босқичи янгидан-янги ишбилармон, тадбиркор, ҳунарманд, фермер хотин-қизларни кашф этиб, улар фаолиятини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этяпти.
Ромитан туманининг “Ҳофизработ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулҳаё Розиқова маҳалладаги тикувчиликка қизиқадиган уддабурон аёллардан бири. Ўзи бир нечта корхонада иш ўрганиб, тажриба орттиргач, маҳалласи ҳудудида тикув цехи ташкил этди. Шу соҳага иштиёқи баланд аёллардан ўтган давр мобайнида юзлаб шогирдлар тайёрлашга киришди. Уларнинг кўпчилиги эндиликда мустақил фаолият олиб бориб, рўзғорлари даромадини оширишга эришмоқда. Ҳозирги пайтда тикув цехида маҳалладаги “Аёллар дафтари” рўйхатидаги 4 нафар аёлнинг бандлиги таъминланган. Г.Розиқова ва унинг шогирдлари томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр кийим-кечаклар ички бозорда сотилмоқда. Тикувчи аёл келгусида имтиёзли кредит асосида фаолиятини кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишни мақсад қилиб қўйган.

Ишбилармон аёл тикувчилик билан шуғулланибгина қолмай гулчилик йўналишида ҳам иш олиб бориб, бу борада ҳам кўзлаган натижаларга эришмоқда.
Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинининг “Тайлоқ” қишлоғида яшовчи ҳунарманд аёллардан яна бири Шоира Бахшуллаева бўлиб, у ўз хонадонида кўрпа-тўшак бичиш, тикиш ва қавишни йўлга қўйган. Ўз ҳунарини 2 нафар маҳалладошига ҳам ўргатган. Бугунги кунда улар томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар кўпчиликка манзур бўляпти.

Севара Ташпўлотова “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият олиб бораётган аёллардан биридир.
– Фаолиятимизни 2021 йилда бошладик, – дейди тадбиркор Севара Ташпўлотова. – Бугунги кунда тикув цехида 3 нафар шогирдим билан тайёрлаб келаётган бежирим элита пардаларимиз ва барча турдаги замонавий либосларни буюртмачиларга ўз вақтида етказиб беряпмиз.

Кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъати аъзолари Г.Розиқова, Ш.Бахшуллаева ва С. Ташпўлотоваларни “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг кейинги босқичларида иштирок этишга тавсия этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.