«Тадбиркор аёл»: Ўзбекистон қиёфасини ўзгартираётган аёллар
35 йиллик тараққиёт, тажриба ва муваффақиятлар тарихи
Ўзбекистон мустақиллиги билан тенгдош бўлган «Тадбиркор аёл» халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ташкил этилганига бу йил 35 йил тўлади. Бу нафақат бир ташкилотнинг юбилейи, балки мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигининг шаклланиши, ривожланиши ва жамият иқтисодий ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганининг муҳим ифодасидир.
Ўттиз беш йил — бу ғоялар, ташаббуслар, жасорат ва муҳим ютуқлар тарихи. Бу мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аёлларнинг ўз имкониятларига ишониши, янги касбларни эгаллаши, бизнес бошлаши, ўз брендини яратиши ва иқтисодий мустақилликка эришиши йўлидаги катта тажрибадир.
1991 йилда бир гуруҳ ташаббускор аёлларнинг эзгу ниятлари билан ташкил этилган Ассоциация бугун мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ва ишбилармонлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган нуфузли ташкилотлардан бирига айланди. Ўтган йиллар давомида у нафақат пойтахтда, балки мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам аёлларнинг ўз кучига ишониши, янги имкониятлардан фойдаланиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун замин яратди.
Ассоциациянинг 35 йиллик фаолияти давомида аёллар тадбиркорлигига бўлган муносабат ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Бир вақтлар тадбиркорлик асосан эркаклар фаолияти билан боғлиқ соҳадек тасаввур қилинган бўлса, бугун хотин-қизлар саноат, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш, савдо, туризм ва бошқа йўналишларда муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бу жараёнда «Тадбиркор аёл» ассоциациясининг ўрни ва ҳиссаси беқиёс.
Ассоциация фаолиятининг натижалари рақамларда ҳам яққол намоён бўлади. Сўнгги беш йил ичида ташкилотнинг 103 та ҳудудий бўлинмаси фаолияти йўлга қўйилди, 3 240 дан ортиқ тадбир ўтказилди. 54 мингдан ортиқ аёл Ассоциация экспертлари хизматларидан фойдаланди, 63 мингга яқин хотин-қизлар ўқитилди, 41 минг нафар аёлнинг иш билан таъминланишига кўмаклашилди. Шунингдек, 22 минг нафарга яқин хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш ва кенгайтириш учун 258,8 миллиард сўм миқдорида кредит олишда ёрдам кўрсатилди.
Бу рақамлар ортида минглаб аёлларнинг ҳаётидаги ўзгаришлар, янги иш ўринлари, оилавий корхоналар, маҳаллий маҳсулотлар ва иқтисодий мустақилликка эришган хотин-қизларнинг муваффақиятлари мужассам. Ассоциациянинг мақсади аёлларга фақат тадбиркорлик асосларини ўргатиш эмас, балки уларни ўз бизнесини йўлга қўйиш, уни барқарор ривожлантириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтиришдан иборат.
Бугунги кунда «Тадбиркор аёл» ассоциацияси ўз фаолиятини учта муҳим стратегик йўналиш асосида олиб бормоқда. Булар тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий, рақамли саводхонликни ошириш, яшил иқтисодиёт соҳасида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва жаҳон бозорларига интеграциялашувдир. Мазкур йўналишлар замонавий иқтисодиёт талабларига мос равишда аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Айниқса, яшил иқтисодиёт ва экологик барқарорлик масалалари бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қишлоқ ҳудудларида янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш аёл тадбиркорлар учун муҳим имкониятларга айланмоқда. Ассоциация ушбу йўналишларда билим ва амалий кўникмалар бериш орқали хотин-қизларни замонавий тадбиркорликка жалб этмоқда.
Ташкилотнинг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги фаолияти ҳам йиллар давомида кенгайиб борди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Германиянинг «Sparkassen Stiftung» жамғармаси, Канада маҳаллий ташаббуслар жамғармаси, Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, АҚШ, Швейцария, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия элчихоналари, Ўзбекистоннинг қатор вазирликлари ва идоралари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Жамоат Фонди каби қатор ташкилот ва молиявий институтлар билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро ҳамкорлик аёлларга янги билимлар олиш, хорижий тажрибани ўзлаштириш, бизнес алоқаларини йўлга қўйиш ва жаҳон бозорларига чиқиш имконини бермоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги аёллар тадбиркорлигининг салоҳиятини халқаро майдонда намоён этишга хизмат қилмоқда.
Ассоциациянинг бугунги нуфузи ва эришган натижаларида унинг раҳбари Гулнора Ғуломназаровна Маҳмудованинг ўрни алоҳида. Унинг раҳбарлигида ташкилот кўплаб муҳим ташаббусларни амалга ошириб, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилаб олди. 100 дан ортиқ лойиҳанинг амалга оширилиши, 60 мингдан ортиқ аёлларнинг тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаши ва 50 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг бизнес юритиш асослари бўйича таълим олиши Ассоциация фаолиятининг салмоқли натижаларидир.
2024 йилда Гулнора Маҳмудованинг Бутунжаҳон хотин-қизлар тадбиркорлиги куни ташкилотининг (WEDO)Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланиши унинг аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришдаги фаолиятига берилган халқаро эътироф бўлди. Ассоциациянинг ўзи ҳам 2021 йилда «Энг шаффоф ташкилот» деб тан олинди, 2023 йилда эса «Юксалиш» миллий ҳаракати томонидан «Энг фаол ННТ» унвонига сазовор бўлди.
Бугунги глобал иқтисодиётда рақамлаштириш, электрон савдо, сунъий интеллект ва инновацион технологиялар тадбиркорликнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Бу эса аёллар учун янги имкониятлар билан бирга янги вазифаларни ҳам юзага келтирмоқда. Ассоциация келгусида рақамли саводхонликни ошириш, ёш қизларни тадбиркорликка жалб этиш, қишлоқ жойларда бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилган.
Бугун «Тадбиркор аёл» ассоциациясининг 35 йиллик фаолияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар билан ҳамоҳанг давом этмоқда. Ассоциация ушбу эзгу ўзгаришларга елкадош бўлиб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган тараққиёт мақсадларини амалий ишлар, янги лойиҳалар ва аёллар ҳаётидаги аниқ натижалар билан мустаҳкамлашга интилади.
Замон билан ҳамнафас, янгилик ва инновацияларга очиқ, аёлларнинг орзу-интилишларига ҳамиша ҳамдард бўлган Ассоциация учун энг катта қадрият — аёл, унинг салоҳияти, меҳнати ва келажакка бўлган ишончидир. Қайси ҳудудда, қандай шароитда яшамасин, ўз бизнесини бошлашни, оиласи фаровонлигини оширишни ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашни истаган ҳар бир хотин-қиз «Тадбиркор аёл»нинг эътибори ва кўмагида бўлишга интилади.
35 йиллик тарихдан куч олган Ассоциация бугун ҳам аёллар билан бирга, уларнинг орзу ва мақсадларига ҳамнафас, янги тараққиёт сари дадил одимламоқда. Зеро, аёллар тадбиркорлиги ривожланган юртда фаровонлик, ижтимоий барқарорлик ва келажакка ишонч мустаҳкам бўлади. «Тадбиркор аёл» ассоциациясининг 35 йиллик юбилейи — бу ўтган йўлга назар ташлашгина эмас, балки янги марралар сари интилиш, янги имкониятлар яратиш ва янада кўпроқ аёлларни муваффақият сари етаклаш учун муҳим босқичдир.
35 йил — бу шунчаки сана эмас. Бу аёллар имкониятларига ишонч, меҳнат ва муваффақият билан ёзилган тарих. «Тадбиркор аёл» ассоциацияси бугун ҳам, эртага ҳам аёллар билан бирга, замон билан ҳамнафас ва юрт тараққиётига елкадош бўлиб қолади.

Нигора Якубова,
"Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон
аёллар ассоциацияси раис ўринбосари