Тадбиркор аёлнинг эзгу режалари
Мамлакатимизда рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция сиёсати самарасида илгари валюта ҳисобига четдан келтирилган маҳсулотлар юртимиз тадбиркорлари томонидан тайёрланмоқда.
Мамлакатимизда рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция сиёсати самарасида илгари валюта ҳисобига четдан келтирилган маҳсулотлар юртимиз тадбиркорлари томонидан тайёрланмоқда.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, саноатни барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби енгил саноат тармоғининг болалар кийимлари ишлаб чиқариш йўналишида ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда. Сурхондарё вилояти Узун туманидаги “Тўмарис истиқбол текстиль” хусусий корхонасида болаларга мўлжалланган кийим-кечаклар, пайпоқлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўн тўрт ишчи меҳнат қилаётган корхонада ички ва ташқи бозордаги эҳтиёж ўрганилиб, пахта толасидан ранг-баранг, турли мавсумга мўлжалланган 30-40 турдаги либослар тайёрланмоқда.
– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, корхонамиз фаолиятини кенгайтирмоқдамиз, – дейди корхона раҳбари Дилафрўз Тўхтасинова. – Аслида мулк эгасини топса ва унга молиявий кўмак берилса, ишбилармоннинг иши ривожланади. Соғлом рақобат муҳитида турли йўналишда хизматлар кўламини ва маҳсулот сифатини янада ошириш орқали мижозлар ишончига кираётирмиз.
Айланма маблағ қанча кўп бўлса, ишлаб чиқариш салмоғи янада ортади. 2011 йилда ташкил этилган мазкур корхонага банк кредити ҳисобига хориждан юқори автоматик бошқариладиган технологик линиялар – тўқиш, дазмоллаш, қадоқлаш ускуналари келтириб ўрнатилди. Натижада маҳсулот тури кўпайиб, даромад ошди.
– Маҳсулотларимизни харидорларга арзон нархларда етказиб бериш мақсадида Узун ва Сариосиё туманларида савдо дўконлари фаолиятини йўлга қўйганмиз, – дейди тадбиркор Д.Тўхтасинова. – Харидорлар дўконларимиздан маҳсулот харид қилиши, ўзига ёққан либосларга буюртма бериши мумкин. Маҳсулотларимиз нақд пул ва пул ўтказиш йўли билан сотилмоқда.
Д.Тўхтасинова 2015 йилда ўтказилган “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танловининг мамлакат босқичида “Қишлоқ жойларга мўлжалланган энг яхши лойиҳа” йўналиши бўйича совриндор бўлди. У танловда аҳолига хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш ва кийим-кечак ишлаб чиқаришни кўпайтириш лойиҳаси билан иштирок этди.
Тадбиркор аёлнинг режалари янада улкан. Лойиҳа учун ажратилган 75 миллион сўмлик кредит эвазига«Уста-шогирд» мактабини йўлга қўйиб, ёшларни бу ишга кенгроқ жалб этиш ниятида. Хусусан, коллеж битирувчилари орасида тикувчиликка қизиқувчилар кўплигини инобатга олиб, уларга кўмаклашмоқда. Маҳсулотларини экспортга чиқариш учун ҳамкорлар билан шартномалар тузмоқда.