Табиий тошга замонавий ишлов берилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳридаги «USTO-ZIKRIYO» хусусий корхонасида мармар ва гранит маҳсулотларини қайта ишлаш, улардан замонавий қурилиш ва безак буюмлари тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган.
Убайдулло Бақоев раҳбарлик қилаётган корхона мустақиллик йилларида ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда бу ерда табиий тошга замонавий технологиялар асосида ишлов берилиб, қурилиш учун қоплама плиталар, фасад безаклари, архитектура элементлари, интерьер ва экстерьер маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий ускуналардан фойдаланилаётгани маҳсулот сифатини яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имконини бермоқда. Маҳаллий хомашёни қайта ишлаш эса маҳсулот таннархини мақбуллаштириш ва унинг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-31311]
Корхонада буюртма асосида турли ҳажм ва шаклдаги тош маҳсулотлари ҳам тайёрланади. Бу эса мижозлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳсулот турларини кенгайтириш имконини бермоқда.
Айни пайтда корхонада ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, янги технологияларни ўзлаштириш ва экспорт йўналишини кенгайтириш бўйича режалар белгиланган.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА