Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар хавфи олдини олиш ҳамиша долзарб
13 октябрь – Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни
Дунё миқёсида табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар хавфи олдини олиш, аҳоли хабардорлигини ошириш ҳамда жамият ва давлатларнинг табиатни асраш борасидаги вазифаларни кучайтириш долзарб саналади. БМТ Бош Ассамблеясининг 2009 йилдаги резолюциясига асосан, 13 октябрь – Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни этиб белгиланган.
Бугунги кунда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан юртимизда ўрмонларни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида самарали ишлар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, ўрмонларда фавқулодда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шунингдек, жорий йил мобайнида Ўрмон агентлиги томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ёз фаслининг аномал иссиқ кунларида ўрмонларни муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳудудий давлат ўрмон хўжаликларида 60 маротаба махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.
Бу эса табиий офатларнинг олдини олиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш билан бирга, экологик барқарорликни таъминлашда асосий омил саналади.
Ўрмон агентлиги маълумотига кўра, Ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, айниқса, Оролбўйи ҳудудида яшил қопламалар ташкил этиш борасидаги ишлар мамлакатимизда юзага келиши мумкин бўлган қум ва чанг бўронларининг олдини олишга хизмат қилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА