Табиатга тажовуз қимматга тушди
Табиат неъматлари инсоният учун бебаҳо бойлик ҳисобланади. Дарёлар, кўллар ва сув ҳавзаларидаги биологик хилма-хилликни асраш, балиқ захираларини муҳофаза қилиш ҳамда экологик мувозанатни сақлаш бугунги кунда давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бирига айланган. Шу боис мамлакатимизда табиат бойликларидан ноқонуний фойдаланишга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Қонун талабларини менсимаслик эса оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши муқаррар.
Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари томонидан Қоровулбозор тумани ҳудудида жойлашган “Ҳадича” табиий кўлида ўтказилган навбатдаги назорат рейди давомида ана шундай қонунбузилиш ҳолати фош этилди.
Рейд жараёнида фуқаролар Ж.Р., Б.Р. ва И.У. томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз, қонунчиликда тақиқланган балиқ овлаш тўрларидан фойдаланиб, ноқонуний равишда балиқ овланаётгани аниқланди.
Текширув давомида улар томонидан 47 дона зоғора (сазан) ва 71 дона Орол човоғи, жами 118 дона балиқ ноқонуний равишда овлангани маълум бўлди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу қонунбузарлик оқибатида ҳайвонот дунёсига 126 миллион 72 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарликда фойдаланилган резина қайиқ, тақиқланган балиқ овлаш тўрлари ва бошқа овчилик анжомлари, шунингдек овланган балиқлар белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳолатнинг оғирлиги ва етказилган зарар миқдори инобатга олиниб, мазкур воқеа юзасидан айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу эса табиат бойликларини талон-торож қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат қонун доирасида қатъий баҳоланишини яна бир бор исботлади.

Бугун бир нечта балиқни ноқонуний овлаш оддий ҳуқуқбузарлик эмас, балки бутун экотизимга зарар етказувчи жиддий жиноят сифатида баҳоланмоқда. Чунки ҳар бир балиқ сув ҳавзаларининг табиий мувозанати, биологик занжир ва келажак авлод учун сақланиши лозим бўлган табиий бойликнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Табиатга қилинган ҳар қандай тажовуз жазосиз қолмайди. Юртимизда қонун устуворлиги таъминланаётган бир шароитда экологик ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилаётгани барча учун муҳим огоҳлантиришдир. Табиатни асраш — нафақат давлат идораларининг, балки ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчи. Зеро, бугун асралган табиат — эртанги куннинг соғлом ҳаёти ва келажак авлоднинг муносиб меросидир.
Зариф Комилов, ЎзА