Табиатга етказилган зарар ундирилди
Бухоро вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Атроф-муҳит ва биохилмахилликни асраш мақсадида доимий равишда назорат рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Когон туманида ёввойи қирғовул овлаган шахс сал кам 80 миллион сўм жаримага тортилди.

Аниқланишича, туман бўлими инспекторлари томонидан Ўрта чўл массиви ҳудудида назорат рейд тадбирлари давомида ҳудудда яшовчи фуқаро Д.А. ўзига тегишли бўлган ов қуроли билан тегишли рухсатномасиз, 2 (икки) бош “Қизил китоб”га киритилган ёввойи қирғовулни овлаганлиги маълум бўлган.
Фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3 миллион 750 минг сўм, ҳамда табиатга етказилган зарар учун 75 миллион сўм жарима белгиланган.

Рейд тадбирларида Қоракўл тумани бўлими ходимлари томонидан туманда яшовчи 4 нафар ҳуқуқбузар чўл ҳудудидан чўл ўсимлигини олиб келаётганида инспекторлар томонидан аниқланган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига 9 375 000 сўмдан жарима ҳамда табиатга етказилган зарар ҳисобланган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири