Табиат ва келажак учун масъулият ҳисси
Бугунги кунда экологик мувозанатни сақлаш, иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш ҳамда барқарор ривожланишга ўтиш масалалари халқаро кун тартибининг устувор йўналишларига айланмоқда. Кўплаб мамлакатларда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, ўрмонларнинг кесилишини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ҳам глобал иқлим кун тартибида фаол иштирок этиб, барқарор ривожланиш стратегиясини изчил амалга ошириб келмоқда. Жорий йилнинг 22 апрель куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий экологик саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда экологик барқарорликни шакллантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюцияси қабул қилинди. Бу эса мамлакатнинг экология соҳасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилганининг муҳим тасдиғига айланди.
Давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири “яшил” энергетикани ривожлантириш бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергетикаси жадал ривожланмоқда, халқаро инвесторлар иштирокида йирик инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилмоқда ҳамда анъанавий углерод талаб қилувчи энергия манбаларига қарамликни камайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакат генерация қувватларида “яшил” энергетиканинг улуши 30 фоизга етди, 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткични 50 фоиздан ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш ва саноатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. Замонавий технологияларни жорий этиш энергия истеъмолини камайтириш, иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш ва барқарор иқтисодиётни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Метан чиқиндиларини камайтириш, “яшил” молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ҳамда углерод тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иқлим сиёсатининг муҳим таркибий қисмларидан бири чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришдир. Яқин йилларда аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш хизматлари билан қамрови 95 фоизга етиши, чиқиндиларнинг бир қисмидан эса энергия ишлаб чиқаришда фойдаланилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда экологик тоза транспорт фаол ривожлантирилмоқда, электромобиллардан фойдаланиш кенгаймоқда ҳамда зарарли чиқиндиларни камайтириш ва шаҳар муҳити сифатини яхшилашга қаратилган “яшил” шаҳар коридорлари яратилмоқда.
Иқлим ўзгариши соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда иссиқхона газлари ташламаларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш ва ҳисобот юритишнинг замонавий тизими шакллантирилмоқда, миллий иқлим инфратузилмаси ривожлантирилмоқда ҳамда халқаро экологик бошқарув стандартлари жорий этилмоқда.
Экотизимларни тиклаш ва Оролбўйи экологик инқирози оқибатларига қарши курашиш алоҳида йўналиш бўлиб қолмоқда. Ҳудудда экологик вазиятни барқарорлаштириш ва Орол денгизи қуриши оқибатларини камайтиришга қаратилган йирик ўрмон-мелиорация лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Яшил макон” ташаббуси доирасида 6,1 миллион гектар майдонда, жумладан, Оролбўйининг 2,3 миллион гектар ҳудудида ўрмонларни тиклаш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, 1 миллиард дарахт экиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар аллақачон минтақадаги энг йирик экологик ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилган.
Тоза энергетика ҳажмининг ортиши ва “яшил” саноатнинг ривожланиши нафақат атроф-муҳитга тушадиган юкламани камайтирмоқда, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва янада қулай шаҳар муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Айниқса, иқлим хавфларига мойил ҳудудлар аҳолиси учун олиб борилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар қурғоқчилик, сув танқислиги ва бошқа иқлим хатарларига бардошлиликни оширишга ёрдам бермоқда.
Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг иқлим сиёсати борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоламоқда. Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотлар мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва экологик инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратишдаги барқарор тараққиётини эътироф этмоқда. Ўзбекистоннинг Париж келишуви доирасида янгиланган Миллий миқёсда белгиланган ҳиссасини тақдим этгани муносабати билан БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси ижроия котиби Симон Стилл томонидан йўлланган миннатдорлик мактуби халқаро эътирофнинг яна бир муҳим тасдиғи бўлди.
Янги мажбуриятларга кўра, Ўзбекистон 2035 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга қисқартириш ва 2055 йилга қадар углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган. Ушбу мақсадлар мамлакатнинг нафақат халқаро мажбуриятларни бажаришга, балки узоқ муддатли барқарор ва паст углеродли ривожланиш моделини шакллантиришга интилаётганини кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА