Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан
Ҳақиқатан ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб масала ҳисобланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиздир.
Ҳақиқатан ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб масала ҳисобланди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларидан фойдаланишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этмас эканмиз, ушбу соҳани янада ривожланишига эриша олмаймиз.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларини сув билан тўлиқ таъминлаш бўйича чоралар белгиланди.
2020 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида, экиладиган баҳорги ва такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини мавсум давомида ажратиладиган сув лимитлари доирасида сувга бўлган талабидан келиб чиқиб суғориш усули жорий этилди.
Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган мақол бежиз айтилмаган. Мазкур усулда қишнинг тўқсон куни назарда тутилган бўлиб, куз фаслида экилади ҳамда қор остида қолдирилади. Шунда сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.
Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан белгиланган тартибда сотиб олинади, уларнинг экспорт қилиниши ташкил этилади. Шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг реализация ва экспорт қилинишида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилади.
2020 йил ҳосили учун баҳорги (эртаки) ва такрорий (ўртаки) экинлар экилиши даврида деҳқон хўжаликлари ерларидан фойдаланиш ҳолатининг учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) орқали танланма мониторинги ташкил этилади.
Ушбу қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида баҳорги (эртаки) қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари тасдиқланди.
Шунингдек, ушбу экинларни экиш, моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга кўра, имконияти чекланган ва кам таъминланган томорқа ер эгалари, шунингдек иш билан банд бўлмаган аҳолининг рўйхати шакллантирилади. Уларни қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли чоралар белгиланди. Томорқадан самарасиз фойдаланган томорқа ер эгаларига кўмаклашувчи ташаббускор фермер хўжаликлари бириктирилади.
2020 йил 1 мартдан томорқа еридан самарасиз фойдаланганлиги учун хонадон эгасига жорий йил учун ҳисобланган ер солиғининг уч баробари миқдори қўлланилади.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда ҳам аграр соҳани ислоҳ қилиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди. Бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлардан бири эса кластер усулидир.
Ўтган қисқа вақтда ҳокимликлар томонидан 86 та шундай кластер ташкил этиш бўйича таклифлар шакллантирилди. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда жорий йил 24 январдаги Мурожаатномасида ҳам таъкидлаган. “Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, — деган эди Шавкат Мирзиёев.
Юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 66 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилса, нафақат халқимиз эҳтиёжи қондирилади, балки юртимиз экспорт салоҳияти ҳам бир неча баробар ортади.
Фаррух Жўраев,
Адлия вазирлиги масъул ходими.