Тўғри йўлнинг бошланиши
Бу фуқароларнинг 14 нафари Самарқанд вилоятидаги манзил колониялардан ўз яқинларига бағри қайтишди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ жазо муддатини ўтаётган 92 нафар фуқаро афв этилди.
Бу фуқароларнинг 14 нафари Самарқанд вилоятидаги манзил колониялардан ўз яқинларига бағри қайтишди.
Жумладан, Самарқанд вилояти ИИБ 38-манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган 8 нафар фуқарога муассаса бошлиғи, подполковник А.Эргашев Президентимиз Фармонини ўқиб эшиттирди ва унинг мазмун-моҳиятини тушунтириб, уларга жазодан озод этилганликлари тўғрисидаги ҳужжатларни топширди.
Самарқанд шаҳрининг “Мақсуд Шайхзода” маҳалласида яшовчи Мурод Ҳакимов ҳам ана шундай ҳужжатни олиб, оиласи бағрига қайтадиган бўлди.


М.Ҳакимов мактабни битиргач ишлаш учун 2006 йилда Россия Федерациясига йўл олди. Дин бўйича етарли билимга эга бўлмагани сабабли диний ақидапарастлар таъсирига тушиб қолди ва билиб-билмай уларга эргашди.
– Россияда бирга турган хонадошларим турли диний мазмундаги аудио, видео материалларни эшитарди, – дейди М. Ҳакимов. – Вақт ўтиб мен ҳам улар сафига қўшилиб қолдим. 2013 йилда юртимизга қайтиб келганимда қўл телефоним хотирасидаги ана шундай видео файллар сабаб ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари чегара постида тўхтатишди. Экспертиза хулосасида бундай материаллар таъқиқланганлиги аниқланди. Оқибатда саккиз ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилдим. Колонияда ўтган 6 йил давомида ҳаётнинг асл ҳақиқатини, мазмун-моҳиятини англаб етдим.


Эркин, озод, тинч-тотув оиланг бағрида яшаш, қўлингдан келганча кимгадир яхшилик қилиш, юртинг равнақига ҳисса қўшиш энг олий бахт экан. Бугун колониядан чиқиб, яқинларим билан дийдор кўришарканман, фақат шулар ҳақида ўйладим. Энди мен ҳам оила қуриб, жамиятда ўз ўрнимни топиб, юртимизнинг фаровонлиги учун ҳалол меҳнатим билан ўз ҳиссамни қўшаман.
Мурод Ҳакимовни хонадонида оила аъзолари билан бирга “Мақсуд Шайхзода” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари кутиб олишди. Уни жамиятга мослашиши, иш билан таъминлаш масалалари шу ернинг ўзида муҳокама қилиниб, режалар белгилаб олинди.