"Суюнчи пули" талашиб жанжал қилганлар
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бунга ўз муносабатини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фурқат тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхонасида шифокорларнинг пул талашган ҳолати билан боғлиқ видеолавҳа тарқалди.
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бунга ўз муносабатини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Фурқат тумани туғруқхонаси билан боғлиқ видеотасвир ҳамда унда билдирилган фикрларни ўрганиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, туғруқхона фаолияти ўрганиб чиқилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилояти Фурқат тумани бўлимининг 2020 йил 14 октябрдаги тақдимномасига асосан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 17 октябрда кўрсатма хати тайёрланиб, унга мувофиқ бошқарма бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари, вилоят перинатал маркази бош врачи, вилоят наркология диспансери ҳуқуқшуносидан иборат ишчи гуруҳи масалани жойида ўрганди.
Ўрганиш жараёнида Фурқат тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлимининг айрим ходимлари томонидан бирлашмани жамоа шартномаси билан тасдиқланган ички тартиб-интизом ва меҳнат қоидалари талаблари мунтазам ва қўпол равишда бузиб келинаётганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра, туғруқхона бўлимидаги аҳволни тубдан ўзгартириш, муаммоларни ижобий хал қилиш учун бир қатор тиббиёт ходимларини бир йўла бошқа вазифаларга ўтказиш ва уларнинг ўрнини бошқа ходимлар билан алмаштириш керак, деган хулосага келинди.
Шу сабабли 2020 йилнинг 20 октябрь куни Фурқат тумани касаба уюшмаси қўмита раиси бошчилигида ўтказилган йиғилиш қарорига мувофиқ бирлашманинг буйруғи чиқарилиб, туғруқ бўлимининг ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ўртасида ўрин алмаштириш ишлари ўтказилди.
Шунингдек, туғруқ бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ўрнига янги бўлим бошлиғи тайинланди.
Туғруқхона хўжалик бекаси бетоблиги сабабли соғлиғи тикланганидан сўнг у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи кўриб чиқиладиган бўлди.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг барча ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, келгусида видеолавҳада акс этган хато ва камчиликларга йўл қўймасликка келишиб олинди.
Маълум бўлишича, туман ҳокими Д.Солиев ҳам туғруқ бўлимига бориб, келгусида бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берган.