Сувтежамкор технологияларнинг самаралари
Андижон вилоятида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш, улардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2024 йил вегетация мавсумида экин майдонларини суғориш учун 3140 миллион метр куб сув талаб этилиши аниқланган бўлиб, амалда 2500 миллион метр куб ёки талабга нисбатан 80 фоиз сув лимити ажратилди.
Етишмайдиган 630 миллион метр3 сувнинг 170 миллион м3 қисми сув тежовчи технологияларни жорий этиш, 138 миллион м3 қисмини ирригация тармоқларида тозалаш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш, 42 миллион м3 сувни соҳада рақамли ва сувтежамкор технологияларни жорий этиш, 180 миллион м3 сувни экинларни парваришлашда агротехник тадбирларни олиб бориш орқали қопланиши режалаштирилган эди. Бу борада алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, йил давомида ана шу асосда ишлар олиб борилди.
– Йилдан-йилга сув танқислиги ортиб бораётган ҳозирги даврда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан оқилона фойдаланиш, сув тежамкор технологияларни амалиётга татбиқ этиш ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади, – дейди “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳратжон Эргашев. – Ана шундан келиб чиқиб, вилоятда жорий йилнинг ўтган даври давомида мазкур йўналишда муайян ишлар, сувни тежовчи технологияларни жорий этишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди.
Ҳозирга қадар сувни тежаш мақсадида вилоятдаги 142 минг гектар экин майдони, боғ ва токзорларга сув тежовчи технологиялар жорий этилган.
Биргина шу йилнинг ўзида 30,8 минг гектар майдонга ана шундай технологиялар жорий қилинди. Жумладан, 6,9минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 1,7 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 2 минг гектар майдонда дискрет, 7,7 минг гектар майдонда эгилувчан қувур, 3,5 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий этилди.
Ушбу тадбирлар амалга оширилиши натижасида 77 миллион м3 миқдордаги сувни тежашга эришилди.
Шунингдек, “Бир канал-бир тизим” асосида иш ташкил қилиш тизимига Избоскан туманидаги “Пахтаобод” каналининг қуйи қисми киритилди. Келгуси йилда ушбу каналнинг ана шу қисмидан сув оладиган 52 та фермер хўжалигининг 4,5 минг гектар экин майдони тўлиқ сув тежовчи технологиялар асосида суғорилади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини лазерли ускуналар ёрдамида текислаш суғоришда маълум даражада сувни тежаш имконини беради. Шу боис ҳам экин майдонларини лазер ускуналари ёрдамида текислашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирда вилоятда 120 дан ортиқ лазерли текислаш механизмлари мавжуд бўлиб, ўтган йили 4,5 минг, жорий йилда ҳам 4,5 минг, жами 9 минг гектар экин майдони ана шу ускуналар ёрдамида текисланди. Келгуси 2025 йилда яна 50 дона лазер текислагичлар сотиб олиш кўзда тутилган.
Сув исрофгарчилигининг олдини олишда вилоятдаги каналлар иш коэффициентини ошириш, сув тармоқларини бетонлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айни кунда вилоят ҳудудида жами 10 минг 552 километр ички суғориш тармоқлари мавжуд. Уларнинг 526 километри лоток, 1 минг 290 километри бетон, қолгани эса тупроқ қопламали тармоқлардир.
Мавжуд тупроқ қопламали каналлар хатловдан ўтказилиб, уларни бетон қопламага ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Жорий йилда вилоят бўйича 2 минг 200 километр узунликда ички тармоқларни бетонлаштириш ишлари режалаштирилган. Бу борадаги ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
Пахта майдонларида томчилатиб суғориш ҳамда сув тежовчи технологиялар жорий этиш мақсадида йил бошида 385 та фермер хўжалиги томонидан “Suvkredit” платформасига аризалар топширилган.
АТБ “Агробанк” туман филиаллари томонидан 353 та фермер хўжалигининг 9 минг 555 гектар майдонига сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, мутахассислар томонидан вилоятдаги фермер, деҳқон хўжаликлари вакиллари, сув истеъмолчилар ўртасида экин майдонлари, боғ ва токзорларни суғоришда сув тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Сувни тежаш, илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори ҳосил олиш энг оқилона йўл эканлиги тушунтирилмоқда.
– Хўжалигимизга қарашли 21 гектар майдондаги экинлар ёмғирлатиб суғориш технологияси асосида суғорилади, – дейди Хўжаобод туманидаги “Уста Раҳмон” фермер хўжалиги иш юритувчиси Рустамжон Миркомилов. – Суғоришнинг ушбу технологияси одатий суғоришга нисбатан қатор афзалликларга эга.
Суғориш нафақат ёмғирлатиб, балки бошқа сув тежамкор усуллар орқали ташкил этилганда, турли кимёвий ва минерал ўғитларни сув билан бирга бериш имконияти яратилади. Натижада сув, меҳнат сарфи ва бошқа харажатлар камаяди, ҳосилдорлик ортади. Масалан, экинлар ёмғирлатиб суғорилганда сув сарфи 30, меҳнат сарфи 35, агротехник тадбирлар учун ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари сарфи 35 фоизгача камаяди, ҳосилдорлик эса 28 фоизгача ортади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, экин майдонларига сув тежамкор технологияларни жорий этишга қаратилган ишлар келгуси 2025 йилда ҳам изчил давом эттирилиши режалаштирилган. Яъни келгуси йилда 20,3 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, 50 миллион м3 сувни тежаш ҳисоб-китоб қилинган.
[gallery-20679]
Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологияларни қўллаш орқали эришилаётган натижалардан келиб чиқиб, ҳозирда Олтинкўл туманида Хитой Республикасининг “Tianjiao Hongan Agriculture Hitech” компанияси томонидан “Томчилатиб суғориш шланги ва дастгоҳлари” ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона барпо этилмоқда.
Умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа доирасида барпо этилаётган корхона ишга туширилгач, йилига 2,3 минг километр узунликдаги томчилатиб суғориш шланглари ишлаб чиқарилади.
Андижон вилоятида суғоришга сув тежамкор технологияларни жорий этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, сувдан самарали фойдаланиш, сувни тежаш ва исроф бўлишининг олдини олишдир.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари