Сувнинг қадри ҳақида айрим мулоҳазалар
Долзарб мавзу
Сурхондарё вилоятида аҳолининг истеъмол қилган тоза ичимлик суви учун ўз вақтида тўланмаган қарзи жойларда ўтказилаётган рейд тадбирлари орқали ундирилаётир. Қарз тўланмаса, суд тартибида ундириш чоралари кўрилмоқда.

Дунёдаги барча мавжудодлар сув билан тирик. Шу боис ўтмишдан инсоният об-ҳаётни табиатнинг шифобахш неъмати, бебаҳо бойлиги сифатида қадрлаган. Тоза, чучук сув мавжуд ерларда ҳаёт кечиришга интилган. Бироқ узоқ йиллар ичимлик суви захиралари кўзимизга туганмасдек кўриниб, тириклик манбаимиз бўлган об-ҳаётни тежаб ишлатишга лоқайд муносабатда бўлдик, исрофгарчиликка йўл қўйдик. Оқибатда сайёрамиз табиат инжиқликлари-ю, тоза ичимлик суви захиралари тақчиллигига юз тутди. Бу ҳолат эндиликда бизнинг юртимизга ҳам ўз таъсирини ўтказаётгани сир эмас.
Ўтган йили баҳорда Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғида бўлиб, бу ердаги шифобахш булоқ суви билан қизиқдим. Булоққа темир дарвоза ўрнатиб, муштдек қулф осиб қўйишибди. Яқин йилларда ҳам кумушдек товланиб оқиб турадиган шифобахш об–ҳаётни билакдек қувур орқали сой бўйида барпо этилган бетон ҳовузга йўналтиришибди. Дардига даво излаб, узоқ–яқиндан келган меҳмонлар ана шу ҳовуздан сув олиб, истеъмол қилмоқда...

Мабодо эшитгандирсиз, балки йўлингиз тушиб келгандирсиз ҳам. Олтинсой туманида Хўжаипок деган машҳур зиёратгоҳ бор. Баланд тоққа туташ бу ердаги ғордан бир ариқ олтингугуртли шифобахш сув оқиб турар эди. Бу масканда кўп бўлганман. Шу йил ёзда яна йўлимиз тушди. Ғор бўйида бир зум нафас ростладик. Афсуски, олтингугуртли сув олдинги йилларга нисбатан камайиб қолган. Ғорда оқаётган шифобахш муздек сувнинг шашти анча паст. Олтингугурт ҳиди ҳам аввалги йиллардагидек ғорга яқинлашмаганунгизча димоққа урилмайди...
Олтинсой туманидаги Керага тоғининг ён бағрида жойлашган Катта Вахшивор ва Бодиҳаво қишлоқлари тепасида Қўтирбулоқ номли чашмада ҳам кўп бўлганман. Авваллари бу ердаги сувнинг бадандаги яраларга шифолигини айтишар эди. Кейинчалик унинг қандли диабетга ҳам даволиги тўғрисида гап-сўзлар тарқалди. Баҳор ва ёз фаслида одамлар билан гавжум бўладиган булоқнинг бошқа сув манбаларидан фарқи шундаки, бу ерда йил ўн икки ой оби ҳаёт оқиб турмайди. Ҳар йили март ойи ўрталарида зилол сув пайдо бўлиб, августнинг сўнгги ўн кунлиги ёки сентябри ойида булоқ қуриб қолади. Шу йил ёз чилласида борганимизда булоқ сувсизликдан қақраб ётганига дуч келдик. Ҳар йили беш-олти ой шифобахш об-ҳаёт сизиб турадиган булоқда қарийб уч ойгина сув бўлгани, албатта, ташвишли ҳолат.
Айтаётганларимиз тоза, шифобахш ва зилол тириклик манбаи сероб, дея кўриладиган Сурхон воҳасининг бугунги ерусти сувлари қай даражага келиб қолаётганига бир мисол, холос.
Мавриди келганда яна бир сўзни айтай: шу йил референдум ва муддатидан илгари Президент сайлови муносабати билан бир неча ой Термиз давлат университетининг Ахборот–ресурс марказида бўлишимизга тўғри келди. Чунки, ҳар иккала округ ҳам замонавий ана шу бинода жойлашган эди. Эрталаб бу ерга келгач, жумракни очсак, майда қум зарралари аралаш сув оқиши бизни ажаблантирди. Сўраб-суриштирсак, таълим муассасасидаги артезиан қудуғи суви олдинги йилларга нисбатан анча пастлаб кетибди...
Шу ўринда бу сўзамолликнинг мавзуга қандай алоқаси бор, дейишингиз мумкин. Биласизми, сувчилар оби ҳаётнинг йилдан–йилга камайиб бораётганидан ҳам, фойдаланилган сув учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаётганидан ҳам ташвишга тушмоқда, азият чекмоқда. Чунки, ер ости артезиан қудуқ суви пастлаб кетса, уни қайта бурғилаб, чуқурроқдан сув олишга тўғри келади. Сув иншоотларида авария ҳолати юз берса ёки яроқсиз ҳолга келган қувурларни алмаштиришга тўғри келса, эҳтиёт қисм зарур. Истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизмат учун ишчи-ходимларга ойлик маош ҳам тўлаш лозим. Буларнинг барчаси маблағсиз ҳал бўлмайди.
Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашиб, маҳалла фаоллари ва бошқа идоралар ходимлари ҳамкорлигида уйма-уй юриб, ичган сувингиз пулини тўлаб қўйинг, дея огоҳлантиришларини кўз олдимга келтирар эканман, тириклигимиз манбаи сайёрамизга соя солаётган бир пайтда истеъмол қилаётган оби ҳаётимиз учун ҳақ тўлашга оғринаётганимиз, инсоният яроқли ичимлик суви тақчиллиги остонасида турган айни дамларда ҳануз ундан оқилона фойдаланишни ўйламаётганимиз, сувчилар меҳнатини назарга олмаётганимиз кишини ўйлантиради.
Тўғри, кишини мушоҳада юритишга ундайдиган бу вазиятнинг келгуси оқибатларини чуқур ҳис этмаётганимизнинг яна бир сабаби бўлиши мумкин. Зеро, мамлакатимизда муаммонинг олдини олиш учун кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Шунга мувофиқ Сурхон воҳасида ҳам аҳолининг тоза ичимлик сувига эҳтиёжини қондириш мақсадида йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир. Давлатимиз раҳбари ғояси билан Тўпаланг сув омборидан олиб келинаётган минералларга бой ичимлик суви 500 га яқин маҳалладаги 1 миллион 700 мингдан ортиқ аҳолининг сув таъминотини тубдан яхшилайди. Термиз туманидаги Сабзипоя маҳалласи ҳудудида қазилаётган артезиан қудуқлари тўлиқ ишга тушса, вилоят маркази ва Термиз туманидаги 62 минг истеъмолчининг тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этади. Бундан ташқари, босқичма-босқич юзга яқин артезиан қудуғи қазилиб, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш, эскирган сув миноралари ва сув қувурларини янгилаб, истеъмолчиларга сифатли об-ҳаёт етказиб бериш чоралари кўрилаётир. Бу лойиҳаларнинг ҳар бирини руёбга чиқаришга миллиард-миллиард сўм маблағ сарфланмоқда. Афсуски, биз эшигимиз тагида оқаётган об-ҳаётнинг қадрига етмаяпмиз. Уни исроф қилишдан ташқари бизни ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаётган корхоналар хизмати учун ўз вақтида ҳақ тўлашни ҳам ўрганолмаяпмиз.
Махсус рейдлар ўтказиб, истеъмолчилардан дебитор қарздорликни ундириш масаласига келсак, “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятидан олинган маълумотларга кўра, вилоятда 256 минг 950 аҳоли хонадони ва 4 минг 136 ташкилот, муассаса ва корхонага ичимлик суви ва оқова сув хизмати кўрсатилади. Йилнинг ўтган даврида соҳада 51 миллиард 799 миллион сўмлик дебитор қарздорлик пайдо бўлган. Бу маблағнинг 48 миллиард 755 миллион сўми жисмоний шахсларга тўғри келмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 22 сентябрдаги аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар доирасида шу кунгача вилоятда қарийб 33 минг истеъмолчига 33 миллиард сўмликдан зиёд қарздорлик учун огоҳлантириш хати тарқатилди. 8 минг 447 истеъмолчи 2 миллиард 500 миллион сўмга яқин қарздорлиги учун тармоқдан узилди. Шунингдек, юзта корхона ва муассасага 134 миллион сўм қарздорлик учун огоҳлантириш хати берилиб, 9 та ташкилот 127 миллион сўмлик муддати ўтган қарзи учун тармоқдан узиб қўйилди. Истеъмолчилардан қарийб 7 миллиард сўм қарздорлик ундирилди.
–Истеъмолчилар бир неча марта огоҳлантирилгач ҳам юзага келган қарзини тўламаса, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тармоқдан узиб қўйилмоқда,–дейди “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раиси Абдумуталиб Арабов.–Бунга ҳам парво қилмаган истеъмолчилардан суд тартибида ундириш чоралари кўрилмоқда. Биргина мисол: Термиз шаҳрида ўтказилган рейд тадбирлари чоғида 168 қарздор истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилгач, мавжуд қарзини тўлади. 260 истеъмолчининг қарзини ундириш юзасидан судларга даво аризаси киритилди. Бу ишлар барча туманларда ҳам олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, инсон овқат тановул қилмасдан уч ойгача, сувсиз салқин кунларда 11 кунгача, иссиқда атиги уч-тўрт кун яшаши мумкин экан. Демак, муҳим тириклик манбаимиз истеъмоли учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш билан бирга уни исроф қилмасдан, тежаб фойдаланишни ҳам ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Мавжуд сув захиралари умуммиллий бойлигимиз эканини унутмаслигимиз керак.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири