Сувни тежаб ишлатайлик
Соат 18:00 дан кейин ишдан чиқиб уйга келамиз. Қўшнилардан бирининг қўлида шланг. Уйининг олдидаги гуллар, мевали дарахтларга сув сепмоқда.
Яна бир қўшни йигитнинг дадаси ишдан келган, завқ билан кирланган машинасини ювмоқда. Ундан кейинги хонадон эгалари ҳам гоҳ асфалтни, гоҳ йўлакчаларни сув билан тозаламоқда.
“Tefal”га сув қуйиб чой қайнатдим. Ишдаги чарчоқларни йўқотиш мақсадида илиқ душ қабул қилишни кўзладим. Душга кирдим, сувни ёқдим. Сув босими жуда паст." Эҳаааа, қўшнилар ишдан, ўқишдан келган. Сув кўп сарфланадиган вақт. Шунга сув миқдори бизгача камайганлиги табиий ҳол". Чўмилиб олишни кечроққа қолдираман.
“Ўзсувтаъминот” тоза ичимлик сувини бир босим остида хонадонларга етказади. Сув босимининг пасту баландлигини келтириб чиқарувчилар эса шу сувни истеъмол қилаётган хонадон эгалари бўлади.
Сувдан фойдаланишнинг ҳам ўз меъёри ва қоидалари бор. Ён қўшни – жон қўшни. Ҳар бир фуқаро қўшни хонадонларга ҳам ичимлик суви бир маромда боришини таъминлаш учун сувдан меъёрида фойдаланиши лозим.
Эрталаб уйқудан уйғониб, ишга кетишга тараддуд кўриш вақтида яна худди кечаги аҳвол. Тоза ичимлик суви хонадонларга паст-баланд босимда кириб боради. Сабаби, яна худди шу вақтда кўпчилик сувдан фойдаланишни бошлайди.
Ҳамма ишда, ўқишда, кечаси эса ширин уйқуда. “Ўзсувтаъминот” юқори босим билан хонадонларга сув етказиб бераётганлиги худди шу вақтда– оммавий сувдан фойдаланиш камайган вақтда ойдинлашади. Юртдошлар,сувни исроф қилишдан тийилайлик!
М.Рашидов,
"Мусаффо оби ҳаёт" МЧЖ ахборот хизмати ходими