“Сувчилар мактаби”нинг иккинчи босқичи сабоқлари бошланди
2023 йилнинг 18 апрель куни Президентимиз томонидан сув хўжалигида ва фармацевтика саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда хориждан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Агробанк” ҳузурида сув тежамкорлиги бўйича янги лойиҳаларни шакллантириш бўйича топшириқ берилган эди.
Топшириқ ижроси доирасида Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети ҳамда “Агробанк” ҳамкорлигида “Сувчилар мактаби” ташкил этилди.
Мактабни ташкил этишда Туркия, Испания, Хитой давлатларининг тажрибалари ўрганилди ҳамда ушбу давлатлардан хорижий мутахассислар жалб қилиниб, ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Ўқитишнинг биринчи босқичи тингловчиларнинг сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ малакасини оширишга қаратилган бўлса, иккинчи босқичда янада такомиллаштирган ҳолда назарий ҳамда амалий билимлар бериб борилади.
Шу муносабат билан “Агробанк” томонидан республиканинг 13 та ҳудудида замонавий ўқув хоналари ҳамда илғор сув тежовчи технологиялар қўлланилган тажриба майдонлари ташкил этилди.
[gallery-15792]
Навоий вилоятида ҳам мазкур хайрли ташаббус доирасида бир қатор амалий ишлар олиб борилди.
Жумладан, Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси биносининг биринчи қаватида “Агробанк” Навоий вилояти бошқармаси молиявий кўмагида вилоят “Сувчилар мактаби” ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур бинода конференция зали, суғориш технологиялари кўргазмалари хонаси, ўқув хонаси ва бошқа бир қатор йўналишга алоқадор бурчаклар ташкил этилган.
– Жорий йилги мавсумда “Сувчилар мактаби”да вилоятимиздаги 385 нафар фермер ва кластер хўжалиги раҳбарлари, ходимларини ўқитишни режалаштирганмиз, – дейди “Сувчилар мактаби” МЧЖ Навоий вилояти ҳудудий менежери Хўжаёр Муртазоев. – Ҳар бир гуруҳ ўқув курсларда 5 кун давомида ўқитилади. Бунда 3 кун назарий 2 кун амалий машғулотлар ўтказилади. Шунингдек, мактабда “Лойиҳачи” ҳамда “Ташкилотчи” ўқув курслари ҳам ташкил этилмоқда. Ўқиш якуни бўйича тингловчиларга сертификат топширилади. Улар ўқув жараёнида сувни тежашга жорий қилинаётган технологиялар бўйича назарий ва амалий билимларини оширади. Ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ва дарс бериш жараёнларига малакали профессор -ўқитувчилар жалб қилинган.
Ўқув курсларининг иккинчи босқичида фермер хўжаликлари раҳбарлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.
Ўқув курслари билан боғлиқ харажатлар “Агробанк” томонидан молиялаштирилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари