Сув хўжалиги ходимларининг малакаси оширилмоқда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли институционал ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини бошқариш тамойиллари ва тизимини такомиллаштириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сув ресурсларини бошқариш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида республикамиз сув хўжалиги соҳасидаги эксплуатация ташкилотларининг раҳбар-ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидаги сув хўжалиги вамелиорация коллежларининг Малака ошириш марказларида ўтказилмоқда. Ўқув машғулотларига вазирлик мутахассислари, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти профессор-ўқитувчилари жалб этилган.

Олти кунлик ўқув дастурига кўра, тингловчилар соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш, жойларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғориш ҳажми, меъёри, ҳисоб-китобини тўғри юритиш, замонавий сув ўлчаш ускуналарини ишлатиш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш каби мавзуларда маърузалар тинглаш баробарида, амалий кўникмаларини янада бойитадилар, соҳада инновацион технологияларнитатбиқ этиш бўйича тажриба орттиради.
Чап қирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот котибининг хабар беришича, Қўшкўпир туманидаги сув хўжалиги ва мелиорация коллежида бошланган ўқув-семинарида Хоразм вилоятидаги сув хўжалиги ташкилотларидан 100 нафар ходим иштирок этмоқда.
– Бугунги машғулотларда мавжуд сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича маърузалар тинглаб, ўзимга керакли жуда кўп фойдали маълумотларни олдим, – дейди ҳавза бошқармасининг Сув хўжалигини ривожлантириш ва стратегия бўлими бошлиғи Давронбек Кенжаев. – Орттирган билим ва кўникмаларимиз келгусидаги фаолиятимизда албатта асқотади.
Малака ошириш курси якунида иштирокчилар аттестациядан ўтказилиб, ундан муваффақиятли ўтганларга сертификатлар топширилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, вазирлик раҳбарияти томонидан ходимларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, куз-қиш ойларида барча сув хўжалиги ташкилотларининг раҳбар ходимлари малака ошириш курсларига жалб қилинади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА