Сув хўжалиги вазири жамоатчилик ва ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди
Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Глобал иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кучайиб бораётган шароитда бу масалаларнинг аҳамияти янада ортиб боряпти.
Шу мақсадда сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, соҳавий ва ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбир аввалида вазир сув хўжалиги соҳасидаги энг муҳим йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таъкидланганидек, глобал иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ошиши ва бошқа омиллар таъсирида бугунги кунда дунё миқёсида сув ресурслари тақчиллиги тобора кучайиб бормоқда. Бу жараён Марказий Осиё минтақаси, хусусан, мамлакатимиз сув хўжалиги тизими олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, мавжуд ресурсларни асраб-авайлаш ҳамда замонавий сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш натижасида мамлакатимизда сув танқислиги оқибатларини юмшатиш, аҳолини белгиланган муддат ва ҳажмларда сув ресурслари билан таъминлаш бўйича муҳим натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 2025 йилда 258 та объектда (шундан 217 таси ирригация ва 41 таси мелиорация соҳасида) 1 триллион 663 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 723 километр канал бетонлаштирилди. Шунингдек, 158 километр суғориш ҳамда 303 километр коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, 20 минг километрдан ортиқ ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди. Амалга оширилган мазкур ишлар натижасида 364 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланди, 500 миллион куб метрдан ортиқ сув йўқотилишининг олди олинди. Шу билан бирга, 100 минг гектардан зиёд ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, шўрланган майдонлар 24 минг гектарга қисқартирилди, – дея таъкидлади вазир.

Мулоқот давомида соҳани модернизация қилиш ва бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган қатор йўналишлар хусусида ҳам маълумот берилди. Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, насос станцияларида энергия тежамкорлигини таъминлаш, мавжуд сув захираларини самарали бошқариш, туман “Сув етказиб бериш хизматлари” фаолиятини такомиллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш, кадрлар сиёсати ва илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш интеграцияси масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида сув хўжалиги соҳасида эришилган келишув ва меморандумлар, сув фонди ерларини ижарага беришнинг янги механизмлари, балиқчиликни ривожлантириш, лойиҳа ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Тадбирда соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда келгусидаги режа ва вазифалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Айниқса, давлат органлари ва жамоатчилик ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш соҳа тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раис ўринбосари Давронбек Лутфиддинов, “Истиқболли авлод” республика ижтимоий-ахборот маркази ННТ бошқарув раиси ўринбосари, Жамоатчилик кенгаши аъзоси Шоҳида Қосимова ҳамда “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали бош муҳаррири Тоҳир Долиев соҳани янада ривожлантиришга оид таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида вазир журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА