Сув хўжалиги вазири ахборот берди
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан Сув хўжалиги вазирининг ахбороти эшитилди.
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан Сув хўжалиги вазирининг ахбороти эшитилди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда қайд этилганидек, сўнгги 3 йилда сув хўжалиги объектларини реконструкция қилиш ва уларнинг техник ҳолатини яхшилаш, ирригация тармоқларида сувнинг исрофгарчилигини камайтириш, яъни уларни бетонлаштириш кўлами 7,5 баробарга ошган. Соҳада давлат-хусусий шериклик принципларини жорий қилишга оид 50 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
Тадбирда бажарилган ишларга қарамасдан соҳада айрим муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилда ирригация ва мелиорация объектларини бошқаришни рақамли технологиялар асосида 2000 та мелиоратив кузатув қудуғини онлайн мониторинг тизимига ўтказиш, 151 та нуқтада “Ақлли сув” қурилмаси ҳамда 10 та йирик гидроузелни автоматлаштириш белгиланган бўлса-да, амалда 66 та кузатув қудуғи, 76 та “Ақлли сув” қурилмаси, 5 та йирик гидроузелни автоматлаштирилган.
Белгиланган 163 дона замонавий энергия тежовчи насосдан 64 таси ҳамда 214 дона электродвигателдан 71 тасигина алмаштирилган. Шунингдек, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда сув ва тупроқ шўрланишининг олдини олишга мўлжалланган замонавий ўлчаш жиҳозлари етишмаслиги натижасида мелиоратив тадбирларни амалга оширишда муаммолар вужудга келган.
Лойиҳа ташкилотларининг моддий-техник базаси ҳамда малакали кадрларнинг етишмаслиги сабабли сув хўжалиги қурилиши соҳасидаги объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари бугунги кун талаблари асосида сифатли ишлаб чиқилмаган. Қолаверса, сув хўжалиги соҳасида мавжуд муаммолар ечимига қаратилган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш лойиҳалари етарли даражада молиялаштирилмаган.
Тадбирда сув хўжалиги объектларида рақамли технологияларни жорий қилиш, сув ресурслари ва ерларнинг мелиоратив ҳолати мониторингини “онлайн” режимда назорат қилиш ҳамда сув хўжалиги объектлари бошқарув жараёнларини автоматлаштириш технологияларини жорий этиш билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджети, хорижий инвестициялар ва грант маблағларини 2021 йил смета харажатларига киритилиши ўз вақтида таъминланмаганлиги ҳам қайд этилди.
Йиғилишда кўрилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА