Сув таъминотидаги муаммолар бартараф этилмоқда
Тошкент вилоятидаги корхона ва ташкилотларда кузатилаётган совуқ об-ҳаво шароитида амалга оширилаётган ишлар борасида вилоят ҳокимининг матбуот котиби Беҳзод Қобулов иштирокида ташкил этилган брифингда ахборот берилди.
Қайд этилганидек, “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ тасарруфидаги кўп йиллардан буён фойдаланилаётган катта магистрал сув қувурлари, ичимлик сув иншоотларидаги насос агрегатларда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олди олинмоқда. Жумладан, 11,2 миллиард сўм эвазига 170 километр ичимлик сув тармоғи мукаммал ва жорий таъмирланиб, режа 101 фоизга бажарилди. Шунингдек, мавжуд ичимлик сув иншоотларидаги 177 дона насос ускуна мукаммал ва жорий таъмирланди. Натижада вилоятда яшовчи 71 минг 283 нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, жорий йилда ичимлик сув технологик йўқотилиш даражаси 2022 йилга нисбатан 1.1 фоизга қисқарди.
Ҳудуддаги жами ичимлик сув тармоқларининг узунлиги 6 минг 683 километр бўлиб, шундан 2 минг 586 километр қисми таъмирталаб. Мавжуд муаммони бартараф этиш мақсадида жорий йилда Республика, маҳаллий ва корхона ўз маблағлари ҳисобидан жами 170 километр ичимлик сув тармоқлари реконструкция қилинди, 15 дона насос агрегатлари алмаштирилди.
Бунинг эвазига ичимлик сув йўқотилиш даражаси 2023 йил охирига бориб, 3.8 фоизга қисқариши кузатилди. Жамиятнинг шаҳар, туман бўлимларида жами 66 дона диспетчерлар, 42 дона аварияларни бартараф этиш бўйича бригадалари, 168 нафар ишчи ходимлар ва 63 дона авария тиклаш машиналари куз-қиш мавсумига шай ҳолатга келтирилган. Шу билан бирга 13 дона пайвандлаш ускунаси, 40 дона сув ёпқич, 800 метр ичимлик сув тармоқлари ҳамда 19 дона вертикал ва горизонтал типдаги насос ускуналар шаҳар ва туман омборхоналарида захира сифатида сақланмоқда. 13-14 декабрь ўтар кечасида “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ шаҳар ва туман бўлимларига ичимлик суви бўйича 40 та, оқова сув бўйича 30 та мурожаат келиб тушган. Шунингдек, Зангиота, Янгийўл ҳамда Қибрай туманларида аниқланган носозлик ҳолатларини таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.