Сув таъминоти тизимида нималар ўзгарди?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 августдаги “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига асосан ичимлик ва оқова сув йўналишидаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилди.
Бу ҳақида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланишича, белгиланган тартибга кўра сувни ҳисобга олиш асбобларининг сақланиши, бутлиги ва пломбаларнинг бузилмаганлиги юзасидан жавобгарлик истеъмолчига юкланган. Эндиликда янги қурилаётган кўп квартирали уйларнинг совуқ сув ҳисоблагичларини хонадонларнинг ташқарисида (зинапоялар, ертўлалар ва бошқа қисмида) ўрнатилган ҳолатларда жавобгарлик таъминотчи корхонага юкланади. Шунингдек, I гуруҳ истеъмолчилари, аванс тариқасида коммунал хизматлар учун 2 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўловларни аввалдан амалга ошириб қўйган бўлсалар, улар шу вақт мобайнида тарифларнинг ўзгариши туфайли тўланадиган қўшимча тўловлардан озод этилади. Яъни, олдинги тартибга кўра, бу муддат 12 ой (1 йил) ни ташкил этар эди.
Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартибига киритилган қўшимчага кўра, эндиликда, давлат бюджети ва давлат томонидан жалб қилинган барча маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳалар "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК томонидан мажбурий равишда экспертизадан ўтказилади ва янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда мазкур ҳудуднинг тўлиқ қамров даражаси инобатга олинади ҳамда ичимлик суви манбалари ва уларнинг захирасига алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, эндиликда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳаси таклифлари маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари томонидан ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда аҳоли пунктларининг фаоллари билан муҳокама қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилишга киритилади. Шунингдек, қарорда хорижий банклардан олинган кредитлар эвазига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг бажарилиш муддатлари узайтириб берилган.
Тадбирда соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги янгиликлардан батафсил хабардор бўлишни истаганлар расмий манбаларга мурожаат қилишлари сўралади.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА