Сув таъминоти тизимида малакали кадрлар салоҳияти оширилмоқда
Ичимлик суви ва оқова сув тизимини модернизация қилиш, янги инфратузилма объектларини барпо этиш билан бирга, уларни самарали бошқарадиган малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, замонавий технологияларнинг жорий этилиши, хизматлар сифатининг ошиши ва тизимнинг узлуксиз ишлаши, аввало, кадрларнинг билими ва касбий маҳоратига боғлиқ.
Айни масалалар Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида Жаҳон банки, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳамда Швейцария Конфедерациясининг Иқтисодий ишлар бўйича давлат котибияти (SECO) ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистон Республикасида ичимлик ва оқова сув тизими ходимларининг салоҳиятини ошириш” мавзусидаги семинарда муҳокама қилинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бирорта ҳудудни ҳам, тармоқни ҳам замонавий илм ва билимларсиз ривожлантириб бўлмайди”. Бу тамойил сув таъминоти тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар, янги иншоотларни ишга тушириш ва мавжуд объектларни модернизация қилиш жараёнида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Жумладан, 2026 йилги Инвестиция дастурига “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган 23 та лойиҳа киритилган. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 21 та лойиҳа доирасида 350,6 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди. Натижада 461,5 километр ичимлик суви ва 234 километр оқова сув тармоқлари тортилди. Шунингдек, 11 та сув ҳамда 2 та оқова сув иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Амалга оширилган ишлар ҳудудларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ошириш ва оқова сув хизматлари қамровини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида суткасига 40 минг куб метр, Тўрткўл туманида эса 140 минг куб метр сувни тозалаш қувватига эга “Мангит” ва “Туямўйин” иншоотлари қурилиши якунланди. Шунингдек, Нукус туманидаги Нукус, Маданият, Абадан ва Кердер сув тақсимлаш иншоотлари ҳам фойдаланишга топширилди.

Бунинг натижасида ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси Амударё туманида 22,5 фоиздан 54,1 фоизга, Нукус туманида эса 43,4 фоиздан 87,3 фоизга етди.
Чирчиқ шаҳрида Осиё тараққиёт банкининг 22,7 миллион доллар кредит маблағлари ҳисобидан суткасига 130 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга иншоот реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Натижада марказлашган оқова сув хизмати қамрови 61 фоиздан 89 фоизга оширилиб, 240 минг нафар аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати яхшиланди.

Йилнинг тўртинчи чорагида 23 та лойиҳа доирасида яна 162,6 миллион доллар маблағ ўзлаштириш режалаштирилган. Йил якунига қадар жами 862 километр ичимлик ва оқова сув тармоқларини тортиш, 20 та иншоотда қурилиш-монтаж ишларини бажариш кўзда тутилган.
Албатта, бундай кўламдаги ишлар нафақат қурилиш ва модернизация суръатларини, балки соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг билим ва малакасини ҳам мунтазам ошириб боришни тақозо этади.

Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида 27 минг 50 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 4 минг 310 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Тизимда ходимларнинг касбий билимларини янгилаш, муҳандислик ва бошқарув кўникмаларини мустаҳкамлаш, истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришга қаратилган ўқув дастурлари амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 1 минг 531 нафар ходим малака оширди. Уларнинг 1 минг 438 нафари “Ўзсувтаъминот” АЖ Илмий-ўқув марказида, 93 нафари эса хорижий давлатларда таҳсил олди. Илмий-ўқув марказидаги машғулотларда 948 нафар мутахассис анъанавий, 490 нафари масофавий таълим шаклида қатнашди. Бу усул ҳудудлардаги ходимларга иш жойидан узоқлашмаган ҳолда касбий билимларини ошириш имконини бермоқда.

Ўқув дастурларида ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда иншоотларидан фойдаланиш, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш жараёнларини самарали ташкил этиш каби амалий масалалар қамраб олинган. Машғулотларга муҳандис-техник ходимлар, бош муҳандислар ва уларнинг ўринбосарлари, туман ва шаҳар корхоналари раҳбарлари жалб қилинмоқда.
Халқаро тажрибани ўрганиш ҳам кадрлар салоҳиятини оширишнинг муҳим йўналишларидан биридир. Жумладан, Жанубий Кореянинг K-water компанияси ва KOICA билан ҳамкорлик доирасида мутахассислар замонавий сув таъминоти технологиялари ва бошқарув усуллари билан танишди. Шунингдек, 600 нафар ходим тавсиянома асосида олий таълим муассасаларига қабул қилиниб, муҳандислик, ирригация, қурилиш ва бошқа йўналишларда таҳсил олмоқда.

Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини ўрганиш ва касбий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларда ёшларнинг таклифлари, иш жараёнида учраётган муаммолари ва келгуси режалари муҳокама қилинди.
Семинар доирасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш ва илғор хорижий тажрибани маҳаллий шароитга татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилади.

Зеро, сув таъминоти соҳасидаги ҳар бир янги лойиҳанинг самараси нафақат қурилган иншоот ва тортилган тармоқлар, балки улардан самарали фойдаланишни таъминлайдиган мутахассисларнинг билими, малакаси ва масъулияти билан ҳам белгиланади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА