Сув спорт турларини оммалаштириш масаласи муҳокама қилинди
«Uzbekistan Aquatics» федерацияси Спорт вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизда сув спортини тизимли ривожлантиришга бағишланган онлайн йиғилиш ўтказди.
Ҳудудларда сув спортини янада ривожлантириш, ташкилий ишларни такомиллаштириш ва жойларда иш самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Йиғилишда сув спорт турлари бўйича мураббийлар ва ҳакамларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Сузиш, сувга шўнғиш, синхрон сузиш ва сув полоси бўйича ташкил этилиши кўзда тутилган ўқув семинарлар муҳокама қилинди.

Жорий йилги минтақавий иш режаларини тайёрлаш, сузиш ҳавзаларида очиқ эшиклар кунини ўтказиш, спорт фестивалларини ташкил этиш ва маҳаллий даражада мусобақалар амалиётини кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.
Жойларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва бассейнлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида масъулларга аниқ ечимларни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.
2026 йил спорт мавсуми учун минтақавий тақвим режаларни тасдиқлаш, спортчилар реестрларини яратиш ва ҳудудларда сув полоси клубларини ташкил этиш бўйича тавсиялар илгари сурилди.
Т.Рўзиев, ЎзА