Сув ресурсларини самарали бошқаришнималарга боғлиқ?
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Адиз Бобоев ва Жаҳон банки вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Унда томонлар сув таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш борасида сўз юритар экан, сувни тежашнинг илғор технологияларини жорий этиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва сув ресурслари сарфини ўлчаш усулларига ҳам асосий эътибор қаратди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соҳани ривожлантириш ҳамда ислоҳ қилиш бўйича кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бу ишлар кўламини оширишга хизмат қилади.
Шундан келиб чиқиб, тадбирда Жаҳон банк вакилларининг Ўзбекистонда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада самарали давом эттириш бўйича таклифлари эшитилди.
Томонлар ушбу йўналишда мамлакатимиздаги мавжуд муаммолар ва бошқарув тизими, муаммоларни бартараф этишнинг тизимли ёндашувлари хусусида фикр алмашди. Шунингдек, улар бу борада Туркия, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Миср тажрибаларини кўриб чиқди.
Тадбир якунида мазкур масалаларни жиддий ўрганиш ва муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олди.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА