Сув ресурсларини бошқаришда узоқ муддатли мақсадлар белгиланмоқда
Ўзбекистон Миллий университетида стратегик режалаштириш ва инсон капиталини бошқариш масалаларига бағишланган халқаро очиқ маърузалар ўтказилди.
Тадбирда давлат идоралари вакиллари, олимлар, экспертлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев сув ресурслари тақчиллиги, иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар шароитида соҳани узоқ муддатли режалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Вазирнинг маълум қилишича, Россия Фанлар академияси академиги, профессор Владимир Квинт ва унинг экспертлар жамоаси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 2027-2050 йилларга мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий стратегияси ишлаб чиқилган.
Ҳужжат соҳани ривожлантиришнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаш ва бошқарув қарорлари самарадорлигини оширишга қаратилган.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, халқаро очиқ маърузалар стратегик бошқарув соҳасида тажриба алмашиш, замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия илмий-таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун майдон бўлиб хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА