Сув ресурсларидан самарали фойдаланишда минтақавий ҳамкорлик ривожланмоқда
Бугун пойтахтимизда “Тошкент халқаро сув форуми – Tashkent Water Week” нинг биринчи кунги тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган ушбу йирик тадбирда маҳаллий ва хорижий масъуллар, экспертлар, олимлар ва мутахассислар иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг мамлакатимиздаги доимий координатори Сабина Маҳл, "Miahona Company Ltd." компанияси бош ижроия директори Авадҳ ал-Отайби ва бошқалар сув таъминоти ва суғоришга бўлган талабнинг ортиши туфайли Марказий Осиёда сув ресурслари танқислиги тобора ортиб бораётгани, бундай шароитда сув ресурсларини самарали бошқариш стратегик устувор вазифа экани, бу эса минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари талабини қўяётганини алоҳида қайд этди.
Маълумки, сув ресурслари бугунги кунда нафақат экологик, балки иқтисодий ва геосиёсий аҳамиятга эга стратегик омил ҳисобланади. Айниқса, Марказий Осиё шароитида сув захираларининг чекланганлиги, аҳоли сони ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларининг ортиб бориши долзарб масалага айланмоқда.
Замонавий ёндашув нуқтаи назаридан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш фақат инфратузилмани яхшилаш билан чекланмайди. Бу, аввало, комплекс бошқарувни, рақамли технологияларни жорий этишни ва сув сарфини аниқ ҳисоб-китоб асосида назорат қилишни талаб этади.
[gallery-28343]
Бундан ташқари, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласи давлатлар ўртасидаги ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка боғлиқ. Шу жиҳатдан, сув ресурсларини бошқаришда минтақавий мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш, халқаро механизмлардан самарали фойдаланиш ва доимий мулоқотни таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Шу боис, ушбу йирик халқаро тадбир тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича қўшма стратегияларни ишлаб чиқиш учун катта имконият яратади.
Тадбирда экспертлар таъкидлаганидек, форумнинг асосий вазифаси минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда иқтисодий барқарорликни узоқ муддатли таъминлайдиган замонавий моделларни ривожлантиришдир.
– Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш давлатимизнинг устувор вазифасига айланмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини намоён этмоқда. Ўз навбатида, мазкур форум соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳамкор мамлакатларда трансформациявий ва кўп томонлама масалаларни самарали тарзда тартибга солиш имконини берувчи халқаро механизмлар шаклланган. Шу билан бирга, мазкур йўналишда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, маҳсулотларни барқарор етказиб бериш, кўп томонлама мувофиқлаштириш, интеграция ва диверсификацияни чуқурлаштириш, шунингдек, инновацион технологияларни кенг жорий этишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бу эса самарали халқаро сув ресурслари бошқарув тизимини шакллантириш ва сув барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – деди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев.
Шунингдек, форумда иштирокчилар сув таъминотидаги замонавий технологиялар ва рақамли инновацияларни, сув ресурсларини бошқаришдаги глобал тенденциялар ва долзарб муаммоларни, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигида сувнинг аҳамияти ва тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, “яшил” стандартларни жорий этиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, инсон капиталини ривожлантириш ва сув хўжалиги соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш каби муҳим вазифалар ҳам таҳлил этилди.
Саудия Арабистонининг "Miahona Company Ltd." компанияси бош ижроия директори Авадҳ ал-Отайбининг таъкидлашича, соҳадаги лойиҳаларни самарали ва тезкор амалга оширишда асосий омил фақат капиталнинг мавжудлиги эмас, балки капитал ва рискларни тўғри тақсимлаш, шунингдек, тижорат тузилмасини самарали шакллантиришдан иборат.
– Амалиётда қўлланиладиган бир қатор молиялаштириш моделлари мавжуд бўлиб, энг кенг тарқалгани хусусий-давлат шерикчилиги (PPP) модели ҳисобланади. Масалан, Саудия Арабистонида қўлланилаётган мазкур моделда рискларни тақсимлаш аниқ белгилаб қўйилган. Бу эса қурилиш жараёнидаги масъулиятни, рискларни ким ўз зиммасига олишини ҳамда ижро механизмини тўлиқ аниқлаш имконини беради. Шу билан бирга, ушбу модель лойиҳаларни қисқа муддатларда амалга ошириш ва уларни самарали якунлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур ёндашув иккинчи босқични ривожлантириш, шаффофликни таъминлаш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш имконини ҳам яратади.
Иккинчи муҳим йўналиш эса оддий бизнес молиялаштиришдир. Бунда агар қарз муддатлари етарли бўлмаса, ривожланиш институтлари, хусусан, Жаҳон банки ёки Ислом банки каби халқаро молия институтлари орқали қўшимча молиялаштириш амалга оширилади. Ушбу усул, одатда, кўп томонлама келишувлар ва мақсадли қўллаб-қувватлаш механизмларига таянади.
Бундан ташқари, лойиҳаларни амалга оширишда самарадорликка асосланган молиялаштиришнинг бошқа турлари ҳам қўлланилмоқда. Биз бугунги мулоқот давомида ана шундай илғор тажрибалар билан ўртоқлашдик. Бу эса иштирокчилар учун амалий аҳамият касб этади, – деди Авадҳ ал-Отайби.
Шунингдек, мулоқот давомида сув ресурслари барқарор ривожланишнинг асосий омилларидан бири экани, уни оқилона бошқариш иқтисодий ўсиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик мувозанатни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Форум эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА