Сув омборлари хавфсизлиги— долзаб масала
Жиззах вилоятидаги стратегик аҳамиятга эга сув иншоотларининг техник ҳолати ва хавфсизлиги яна бир бор чуқур ва илмий асосда таҳлил қилинди. Хусусан, Шароф Рашидов туманида жойлашган “Жиззах” ҳамда Ғаллаорол туманидаги “Қоровултепа” сув омборлари мутахассислар диққат марказида бўлди.
Мазкур ўрганишлар Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети (ТИҚХММИ) профессори А. Янгиев раҳбарлигида амалга оширилди. Илмий ёндашув ва амалий тажриба уйғунлиги ушбу тадқиқотларга алоҳида мазмун ва салмоқ бағишлади.

Текширув жараёнида сув омборлари тўғонларида ўрнатилган пьезометрлар орқали ер ости сув сатҳлари жойида аниқ ўлчанди ва уларнинг натижалари махсус қайд журналлари билан синчковлик билан солиштирилди. Олиб борилган таҳлиллар тўғон танасидан ўтаётган фильтрация кўрсаткичлари амалдаги меъёрий талабларга тўлиқ мос келишини кўрсатди. Бу эса иншоотлар барқарорлиги ва ишончлилиги таъминланаётганининг муҳим далилидир.
Шу билан бирга, сув омборлари масъул ходимларига фильтрация жараёнларини мунтазам мониторинг қилиш, ҳар бир ўзгаришга илмий асосда ёндашиш бўйича аниқ ва ҳаётий тавсиялар берилди. Айниқса, сувни тўлдириш ва бўшатиш циклларига, шунингдек, уларнинг тезлик режимларига қатъий риоя этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Мутахассислар фикрича, бундай изчил ва пухта ёндашув сув омборларининг нафақат бугун, балки келгусида ҳам хавфсиз ва самарали ишлашини таъминлайди. Зеро, сув — ҳаёт манбаи, уни асраш ва оқилона бошқариш эса барқарор тараққиётнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА