Сурхондарёнинг энг машҳур таомлари тантанаси
Сурхондарё вилоятида илк марта Термиз шаҳрида жорий йилнинг 17 декабрь куни Термиз гастрономик фестивали ва ярмаркаси бўлиб ўтади.
Тадбир доирасида қадимий ва ҳамиша навқирон Термиз шаҳри жанубдаги воҳанинг туризм маркази этиб белгиланади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда туризмни миллий иқтисодиётимизнинг муҳим йўналишига кўтариш, ички ва ташқи туризм хизматларини диверсификация қилиб, ҳажмини кўпайтириш, сайёҳларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан таништириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг учун туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига қўшимча имкониятлар яратилиб, замонавий хизматлар инфратузилмаси жадал юксалтирилаётир. Сурхондарё вилояти ўзининг ноёб таомлари билан гастрономик туризмни кенг йўлга қўйиш учун қулай имкониятга эга ҳудуд. Бой тарих ва маданиятга, нодир меъморий, археологик ёдгорликлар ва гўзал табиат манзаралари, шифобахш сувларга бой воҳа кейинги йилларда дунё сайёҳларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Гастрономик туризмнинг йўлга қўйилиши ҳам вилоятнинг ички ва ташқи туристик қувватини янада оширишга хизмат қилади. Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 19 сентябрда мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш учун фестивални юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Шунга мувофиқ туманлар ва Термиз шаҳри ўзига ажратилган павильонларни миллий услубда безаб, энг ноёб таомларини тайёрлайди, уларни тайёрлаш сирларини ўргатади. Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси мутасаддилари, Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари, туризм йўналишида таълим олаётган талабаларнинг соҳа бўйича амалга ошираётган ишлари бўйича тақдимотлари ўтказилади. Вилоят ҳунармандлар бошқармаси маҳсулотлари ва сувенирлари кўргазмасини ташкил этади.
– Илк марта ташкил этилаётган фестивални байрамона руҳда ўтказиш учун барча шароит яратилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари–туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи, фестиваль ташкилий қўмитаси раиси Жўрабек Тўраев. – Аслида сайёҳлар ўртасида мазали таомни татиб кўриш тарихий-меъморий обидалар, табиат манзаралари ёки музейни томоша қилиб, завқ-шавқ олишга тенг, деган гап юради. Айни пайтда дунёда гастрономик туризм тобора ривожланиб бораётгани ҳам бу фикрни исботлайди. Эндиликда юртимиз ўзининг мазаси оғизда қоладиган таомлари билан машҳурлигидан фойдаланиб, туризмнинг бу йўналишини ҳам кенг йўлга қўймоқчимиз. Фестивалда тандиркабоб, чўпонча, бихтирма каби 20 дан ортиқ турдаги ноёб таомлар тақдим этилади.
Фестиваль доирасида тадбиркорлар, ишбилармонлар журналист ва блогерлар ўртасида В2В учрашувлари, матбуот анжумани ўтказиш, Термиз шаҳридаги меҳмонхона ва ресторанларга пресс-тур уюштириш, санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастурларини намойиш этиш режалаштирилган. Фестивалда энг яхши таом тайёрлаган ошпазлар тадбир ташкилотчиларининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири