Сурхондарёлик қиличбозлар “Ҳоким кубоги”да сараланди
Сурхондарё вилоятида “Президент олимпиадаси” доирасида “Ҳоким кубоги” мусобақалари ташкил этилди. Унда қиличбозликнинг рапира, сабля ва шпага йўналишлари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Мусобақада рапира бўйича 26 нафар, сабляда 24 нафар ҳамда шпагада 30 нафар спортчи иштирок этди. Шунингдек, тадбир доирасида тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан Сурхондарё вилоятига қиличбозлик экипировкалари ва тўлиқ жиҳозланган клиноклар етказиб берилди. Бу эса ҳудудда мазкур спорт турини янада ривожлантириш ва машғулотлар сифатини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Илдар Мусиев масъул ҳакам сифатида жалб қилинди.
Якунланган яккалик баҳслари натижаларига кўра сабля бўйича Нурулло Тошпулатов ва Гулноза Эргашева, шпагада Нурмуҳаммад Зиёдуллаев ва Мунира Эргашева, рапира қуролида ўтган беллашувларда Абдуллоҳ Орзиқулов ҳамда Шаҳло Сарибоева шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА