Сурхондарёлик ғаллакорлар режани бажарди
Сурхондарё вилояти ғаллакорлари мамлакатимизда биринчи бўлиб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди. Қабул шохобчаларига 266 минг тонна ўрнига 267 минг 287 тонна сара дон топширилди.
Жорий йил ҳосили учун вилоятда 89,3 минг гектар майдонда ғалла парваришланиб, мўл ҳосил тўпланди. Ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 120 та ўрим отряди ташкил этилиб, уларга 286 та комбайн, 1 минг 216 та дон ташиш техникаси бириктирилди.

Воҳа ғаллакорларининг бу ютуғига Термиз, Жарқўрғон, Қизириқ, Қумқўрғон, Шўрчи, Бандихон туманлари салмоқли улуш қўшди. Ҳар гектар майдондан Термиз туманидаги “Қорахон Пахтакор” фермер хўжалиги 97,1 центнер, “Сардорбек Тўхтаев” фермер хўжалиги 90,8 центнер, Жарқўрғон туманидаги “Аббос АР” фермер хўжалиги 95,5 центнер, “Голден Траус” фермер хўжалиги 98,3 центнер, Қумқўрғон туманидаги “Абубакр зироатчи” фермер хўжалиги 99,0 центнер, “Кетмон дарвозаси” фермер хўжалиги 105,1 центнер, Шўрчи туманидаги “Қобил Қосим” фермер хўжалиги 101,2 центнер, “Амир агро ЭСС” фермер хўжалиги 103,4 центнер, Шеробод туманидаги “Шайман бобо” фермер хўжалиги 97,3 центнердан сара дон йиғиб олди.


Айни пайтда ўрим-йиғим қизғин давом этмоқда. Вилоят ғаллакорлари ҳар гектар майдондан ўртача 91,6 центнердан дон йиғиб олиб, 818 минг тонналик катта хирмон яратишни мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири