Сурхондарёда Вазир кубоги учун ўқувчи-қизлар тўп сурмоқда
Ангор туманидаги спорт мактабида ўқувчи-қизлар ўртасида футбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Мусобақа иштирокчилари кеча Термиз туманидаги Элдор Шомуродов футбол академиясида бўлиб, замонавий таълим муассасасида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Машҳур футболчи номи билан аталадиган таълим даргоҳи давлат инвестиция дастури доирасида 9,5 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган. Лойиҳа доирасида бино ва иншоотлари тубдан таъмирланиб, ўқувчилар учун қулай шароит яратилган. 90 ўринли ётоқхона, 45х90 метр ўлчамда сунъий қопламали футбол майдони, замонавий ошхона қурилган.


Танишув якунида таълим муассасасида мусобақа қатнашчиларининг қуръа ташлаш маросими ҳам ўтказилиб, саралаш босқичи гуруҳларида қатнашадиган жамоалар аниқланди. Жамоалар сардорларига беллашув қоидалари тушунтирилиб, тегишли тавсиялар берилди.




Бугун беллашувнинг саралаш учрашуви олдидан Давлат мадҳияси ижро этилиб, жамоаларнинг тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди. Мусобақага старт берилгач, саралаш баҳсларини Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманидаги 10-мактаб ва Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги 5-мактаб жамоалари бошлаб берди.
Мусобақа қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири