Сурхондарёда шафтоли экспорти бошланмоқда
Термиз туманида парваришланаётган эртапишар 66 минг 75 дона шафтоли кўчати беш йил аввал 245 минг доллар эвазига Грециядан келтирилиб, “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида расмийлаштирилган.
Ўтган йилларда маҳаллий иқлимга мослашган кўчатлар бу йил янада кўпроқ ҳосил тугди. Моҳир боғбон эса болдек ширин экспортбоп меванинг харидори борлиги боис хўжалик номини очиқламасликни сўради. Айни пайтда жанубнинг қуёш нурига тўйиниб пишган шафтолига Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлар харидор бўлмоқда. Шу кунларда боғдаги ҳосил терилиб, сараланаётир. Хорижлик буюртмачиларга жўнатиш учун қадоқланиб, экспортга тайёрланмоқда.



Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўраловнинг маълум қилишича, шафтоли экспортида божхона ходимлари ҳам фаол иштирок этади. Улар тадбиркорга “Экспорт уч қадамда” амалиёти орқали даладан тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилиш тартиблари, экспорт шартномаси ва йўл юк ҳужжатларининг электрон нусхалари орқали божхона ахборот тизимлари автоматик тарзда инсон омилисиз божхона юк декларацияларини шакллантириши ҳақида атрофлича маълумот бермоқда.




Ўтган йил вилоят экспортёрлари жаҳоннинг Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қувайт ва Мўғулистон давлатига қарийб 10 миллион доллар қийматидаги 11 минг 200 тонна шафтоли экспорт қилган. Жорий йил боғларда мева ҳосилининг сероблиги шафтоли экспортини кўпайтиришга қулай имконият яратмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири