Сурхондарёда «Мустақиллик тўйи» фестивали давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ўтказилаётган «Мустақиллик тўйи» фестивали Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қамровда давом этмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда «Маърифат» тарғиботчилари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль халқимиз бирдамлиги, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, мустақиллик қадриятларини улуғлаш, миллий анъаналар ва маънавий меросни тарғиб этишга қаратилган.
Фестивалнинг вилоятдаги тадбирлари Сариосиё туманида бошланди. Иштирокчилар Сариосиё тумани аэропортидан Алишер Навоий маҳалласигача «Мустақиллик марши»да қатнашди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида турли маънавий-маърифий, маданий ва тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
[gallery-30746]
Фестиваль дастуридан ўрин олган «Шижоат» лойиҳаси доирасида ҳарбий қисмларда ёшлар учун учрашувлар ва амалий машғулотлар ўтказилиб, уларда ватанпарварлик, интизом, масъулият ва фидойилик фазилатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, «Миллат фидойилари» лойиҳаси орқали юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонларнинг ҳаёт йўли ва ибратли фаолияти ёш авлодга таништирилмоқда. Бундай учрашувлар ёшларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Фестиваль доирасида Узун туманидаги «Жануб гавҳари» соғломлаштириш оромгоҳида «Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари» тадбири ҳам ташкил этилди. Унда болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган дастурлар намойиш этилди.
«Мустақиллик тўйи» фестивали доирасида ўтказилаётган тадбирлар аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида миллий бирлик, ватанпарварлик ва мустақиллик ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА