Сурхондарёда экспорт ҳажми ошмокда
Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини чегара масканлари орқали жорий йилнинг ўтган даврида хорижга жўнатилаётган 172 минг 399.5 тонна 81 минг 775 дона карантин остидаги маҳсулотга 7 минг 397 дона халқаро фитосанитария сертификати берилди.
Бу ҳақда ЎзАга вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси матбуот хизмати ходими Ражабгул Муҳаммадиева маьлум қилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун қулай шароит яратиш, хавфли зараркунандалар, ўсимликлар касаллиги, бегона ўтлардан ишончли ҳимояни таъминловчи ички ва ташқи ўсимликлар карантини бўйича давлат тадбирларининг самарали тизимини йўлга қўйишга алоҳида эьтибор қаратилмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар экспорт хилма-хиллигини кўпайтириш, Янги Ўзбекистон учун янги хориж бозорларини очиш ва мамлакатимиз ҳудудидан фитосанитар тоза маҳсулот чиқарилишини таъминлашда ўз самараларини бермоқда. Бу жараёнда соҳа мутахассисларининг маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга хизмат кўрсатиш сифати ва натижадорлиги ошиб бораётир.
Жанубдаги воҳадан Афғонистон, Россия, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Украина, Озарбайжон, Беларуссия, Латвия, Туркия, Нидерландия, Германия, Эрон, Жанубий Корея каби давлатларга барча турдаги сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар, узум, қуруқ ва хўл мевалар, анор, буғдой ва барча турдаги техник юклар экспорт қилинаётгани бунга яққол далилдир.
– Экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштириш, тегишли маслаҳат ва амалий ёрдам бериш учун ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилган, – дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ташқи карантин бўлими бошлиғи Акрам Абсаматов. – Мамлакатимиздан экспортга жўнатилаётган ва унинг ҳудудига олиб кирилаётган ўсимликлар карантини назорати остидаги маҳсулотларни, ўсимликларнинг зарарли организмларини олиб ўтиши мумкин бўлган уруғларни, ўсимликларни, ўсимликлар карантин текширувидан, лаборатория экспертизасидан ўтказишда халқаро норма ва қоидаларга, давлат карантин фитосанитария тадбирлари ва давлатлар ўртасидаги савдога кўмаклашишни мувофиқлаштиришга таяниб иш олиб борилмоқда. Бундай самарали замонавий тизим мамлакатимиз ҳудудидан фитосанитар тоза маҳсулот чиқарилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Вилоятда шу йилнинг дастлабки олти ойида 147 минг 279.5 тонна карантин остидаги маҳсулотга халқаро фитосанитария сертификати расмийлаштирилган бўлса, шу кунгача 172 минг 399.5 тонна маҳсулотга тегишли халқаро ҳужжат берилди.
Мутахассисларнинг таькидлашича, мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотларни экспорт қилиш “Ўсимликлар карантини тўғрисида“ги қонун ва Низомга, Халқаро шартномалар қоидаларига мувофиқ бошқа қонуности хужжатларига асосан амалга оширилади. Бунда маҳсулот Ўзбекистон Республикаси худудидан олиб чиқилиши тақиқланган карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатига кирмаган бўлиши керак. Шунингдек, маҳсулот экспорти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига карантин остидаги маҳсулотни юклаб жўнатиш санаси тўғрисида камида 10 кун олдин хабар бериши лозим.
– Шундан сўнг маҳсулот юклаб жўнатиладиган жойда карантин инспекторлари назоратидан ўтказилиб, улардан вилоят ҳамда Марказий карантин лабараториясига намуналар жўнатилади, – дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ташқи карантин бўлими бош мутахассиси Юсуф Тошболтаев. –Фитосанитар тозалиги ёки соҳа ходимларининг тажрибасидан келиб чиқиб хулосаланади. Жойларда экспортга юкланадиган махсулотларнинг транспорт воситалари зарарсизлантирилиб, ички фитосанитария сертификати билан таъминланади. Шунга асосан ташқи иқтисодий фаолият карантин инспектори томонидан карантин назоратидан ўтказилиб халқаро фитосанитария сертификати берилади.
Вилоятда янги карантиндаги зарарли организмларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши, шунингдек, уларга қарши курашиш ва ва ҳамкор давлатлар ҳудудида улар тарқалишининг олдини олиш чоралари тўғрисида маълумот алмашиш йўлга қўйилган. Бу карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзитини тартибга солишда муҳим омил бўлмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА