Сурхондарёда байрам шукуҳи
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилояти кенгашида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги вакиллари ва маҳаллий журналистлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилояти кенгаши раиси А.Аҳмедов сўнгги йилларда мамлакатимиз касаба уюшмалари ташкилотларида юз берган ўзгариш ва янгиланишлар аҳоли ҳаёт даражасини ўзгартиришда яхши самаралар бераётганини таъкидлади. Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилдики, ўтган беш йилда Федерация маблағи ҳисобидан вилоятда эҳтиёжманд оилалар учун 65 та ихчам, замонавий бепул уй қуриб берилди. Ёрдамга муҳтож оилаларнинг 500 га яқин хонадони тубдан таъмирланди. 3 минг 10 оилага бепул газ плитаси ва маиший газ баллонлари топширилди. Воҳада одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун 32,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
– Яқин йилларда ҳам аҳолининг дам олиб, саломатлигини тиклаши учун бирорта замонавий санаторий йўқ эди, – деди А.Аҳмедов. – Тўрт йил муқаддам Термиз туманида «Термиз марвариди» санаторийси фойдаланишга топширилиб, бир йилда 8 минг кишини соғломлаштириш имконияти яратилди. Уч қаватли сиҳатгоҳга келган киши бир йўла Чортоқ ва Чимёнда мавжуд шифобахш сувлардан баҳра олади. Тиббий қум билан даволаш ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йилларда сўлим жойдаги бу масканга Россия, Қозоғистон каби кўплаб чет давлатлардан меҳмонлар келиб, саломатлигини тиклади. Термиз шаҳрида бунёд этилган «Амударё» болалар халқаро оромгоҳи ҳам ёшларнинг энг севимли гўшасига айланиб қолди. Олтинсой туманида 85 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган беш қаватли «Хўжаипок» санаторийсида яратилган шароитлар ҳам аҳолининг муносиб дам олиб, саломатлигини тиклашига хизмат қилмоқда. Бу ерга тоғ бағридан 26 километр масофага қувур ётқизилиб, олтингугуртли сув келтирилган.

Айни пайтда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, Денов туманидаги осмонўпар тоғ қўйнида жойлашган Наврўздара массивида 7 қаватли санаторий барпо этилмоқда. Олтинсой туманидаги сўлим Хўжаипок дарасида 200 ўринли санаторий қуриш мўлжалланаётир.
Анжуманда, шунингдек, «Аёллар дафтари» га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш, болаларни ёзги соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам фикр алмашилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Байрамона руҳда ўтган тадбир якунида бир гуруҳ соҳа ходимларига эсдалик совғалар топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА