Сурхондарё вилоят қўғирчоқ театрида 25-ижодий мавсум бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоят қўғирчоқ театрида 25-ижодий мавсумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда театр жамоаси томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
2001 йилдан буён фаолият юритаётган театр жамоаси болалар ва ўсмирлар учун спектакллар яратиб, ўз ижодий мактабини шакллантириб келмоқда. Айни пайтда театр репертуаридан 50 га яқин спектакль ва мусиқали дастур ўрин олган.
Театр жамоаси турли танлов ва фестивалларда ҳам муносиб натижаларга эришган. Хусусан, 2020 йилдаги «Республика қўғирчоқ театрларининг XII анъанавий кўрик-фестивали»да «Қодирий кулдирганда» спектакли билан иштирок этиб, биринчи даражали ғолибликни қўлга киритган.
[gallery-31286]
Ижодий ҳамкорликлар доирасида 2023 йилда Озарбайжоннинг Салян давлат қўғирчоқ театрида «Карвон сарой» спектакли намойиш этилди. 2024 йилда мазкур театр билан ҳамкорликда «Хўроз нега учмайди?» спектакли саҳналаштирилди. Шунингдек, туркиялик режиссёр Нурҳан Услу томонидан саҳналаштирилган «Бремен мусиқачилари» спектакли 2025 йилда Туркиядаги I Халқаро болалар театри фестивалида намойиш этилди.
Янги ижодий мавсумда театр жамоаси репертуарни янги спектакллар билан бойитиш, ижодий лойиҳаларни кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни давом эттиришни мақсад қилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА