Сурхондарё Термиз мулоқоти қатнашчиларини кутиб олишга тайёрланмоқда
Жорий йилнинг 4-6 июнь кунлари Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Ўтган йил 19-21 май кунлари Термиз шаҳридаги “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонасида “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзуига бағишланган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти биринчи йиғилиши юқори савияда ўтказилган эди.
Президентимизнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш бўйича 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусини илгари суришда кўп томонлама мунозара майдонини шакллантиришга хизмат қилган тадбирда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий сектор ва молия тузилмаларининг ролини кенгайтириш, экспертлар мулоқоти салоҳиятини ишга солиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислари ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўтмишдан Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон қадимги довруғини қайта тиклаб, Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштиришда муҳим коридор вазифасини бажариш учун ишончли дадил қадам ташлаётгани ўз ифодасини топди. Давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорликка асосланган ва қарши қўйишга олиб келувчи вазиятлардан воз кечишга қаратилган янги муносабатлар моделларини ва макрорегионда ўзаро боғлиқликни кучайтириб, хавфсизлик, барқарорликни таъминлашда умумий ёндашувларни шакллантириш учун муҳим платформа вазифасини ўташга қулай муҳит мавжудлигини намоён этди.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида Термиз мулоқоти иккинчи йиғилиши қатнашчиларини кутиб олишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Зеро, Термиз азалдан ўзини маданиятлар ўртасидаги мулоқот маркази сифатида намойиш этиб келган шаҳар. Икки ярим минг йилдан ортиқ тарихга эга кентда зардуштият, буддизм, насронийлик ва ислом каби динлар анъаналари шаклланиб, ривожланган. Сўнгги йилларда қадимий Термиз Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим бўғин сифатидаги ўрнини қайта тикламоқда. Минтақада ҳозирча ягона “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси, “Термиз Карго Марказ” халқаро кўп тармоқли транспорт-логистика хаби, дунёда муқобили йўқ Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази каби йирик иншоотлар барпо этилгани, шаҳар савдо, инвестиция ва илм-фан марказига айланиб бораётгани бунга яққол далилдир. Нуфузли тадбир доирасида Термиз мулоқоти иккинчи йиғилиши иштирокчиларини катта имкониятларга эга замонавий мазкур иншоотлар билан яқиндан таништириш ҳам мўлжалланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири