Сурхондарё шимол ва жанубни боғловчи обод гўшага айланмоқда
Муаррихларнинг айтишича, ўтмишдан сайёрамизнинг ишончли, қулай транспорт-савдо йўлаги сифатида танилган Термиз стратегик жойлашуви туфайли Буюк ипак йўли пайдо бўлишидан анча олдин ҳам муҳим транспорт нуқтаси бўлиб хизмат қилган. Ундан Ҳиндистон ва Ўрта Осиёни боғлаб турган қадимги шимолий савдо йўли – Уттарапатха ўтган. Кейинчалик Термиз Ипак йўлининг асосий тугунига айланган. Қадимги ва ўрта асрларда Буюк ипак йўлининг муҳим логистика маркази сифатида Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Рим салтанати минтақаларини боғлаган. Шимолдан Сўғд ва Бохтарга, жанубдан Ҳиндистон ва Ҳинд океани портларига олиб борувчи йўллар Термиз орқали ўтган.
Шаҳарнинг энг йирик дарё ўтиш жойи – Амударёдан юклар ва саёҳатчилар кемаларда ташилган. Карвон йўллари кесишмасидаги карвонсаройларда савдогарлар ва туяли карвонларнинг хавфсизлиги таъминланган тунаш, дам олиш ва овқатланиш учун ишончли, стратегик мавқеига эга жой вазифасини бажарган. Асрлар давомида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида табиий кўприк вазифасини ўтаган. Евросиёни боғлаган.
Қадимдан товар ва хомашёни бир давлатдан иккинчисига кам ҳаражат билан етказиб беришда муҳим рол ўйнаган мамлакатимизнинг жанубдаги дарвозаси, афсуски, шўролар даврида бу мавқеини анча пасайтирди. Термиз ҳарбийлашган ёпиқ шаҳарга айланди. Юкларни жўнатишдан токи қабул қилиб олувчигача энг тежамкор, қулай йўналиш бўлган қадимий транзит марказнинг транспортлар қатновига чеклов ўрнатилди. Амударё соҳилидаги дарё порти фақат шўролар давлати манфаати учун хизмат қилишга йўналтирилди. Карвонлар билан келган тараққиёт, маданий, илмий алоқалар ва дунё савдогарлари билан товар айирбошлаш тарихга айланиб қолди.
Мустақилликнинг сўнгги тўққиз йилида Ўзбекистон барқарор мулоқот, ишонч ва ўзаро боғлиқлик тизимини шакллантиришга қаратган фаол ташқи сиёсат транспорт-логистика соҳасини қайта тиклай бошлади. Эндиликда савдо йўналишларини диверсификация қилиш, транзаксия харажатларини камайтириш, транспорт ҳужжатларини рақамлаштириш, қоғозсиз савдо механизмларини жорий этиш, ақлли транспорт ечимларини қўллаш, трансчегаравий юк ташишларнинг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишга қодир хавфсиз, самарали ва мултимодал транспорт-логистика алоқалари ривожланмоқда.
Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасидаги йирик транспорт-логистика мажмуаси “Termez Cargo Center” логистика компанияси каби турли давлатлардан юкларни қабул қилиб олиб, сақлаш ва юк ташишга мўлжалланган замонавий йирик мажмуаларга хизмат кўрсатмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси Термиз-Карачи транспорт коридорининг муҳим боғловчи қисми сифатида Ҳинд океани портларига чиқиш имконини беради. Йирик мажмуадаги йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга йирик логистика марказида замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш иншоотлари мавжуд бўлиб, юкларни “Ягона дарча” тамойили асосида тезкор расмийлаштириш учун барча қулайлик яратилган. Бу ердаги шароитлар Сурхон воҳасига келган хорижликларда катта қизиқиш ўйғотмоқда. “Termez Cargo Center” логистика марказига Афғонистон ва бошқа мамлакатларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилган.

Вилоятда замонавий логистика марказлари бунёд этилиб, турли давлатлардан келган маҳсулот ва хомашёларни қабул қилиш, сақлаш, бошқа мамлакатлардаги манзилгача етказишнинг йўлга қўйилгани воҳанинг қадимдаги довруғини қайта тиклаб, муҳим транспорт коридори вазифасини бажармоқда. Шунингдек, вилоятга хориж инвестициси кириб келмоқда. Замонавий саноат ривожланиб, хизматлар кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ошаётир. Вилоятнинг экспорт салоҳияти йил сайин ўсаётир. Жумладан, воҳанинг жорий йилнинг олти ойидаги ташқи савдо айланмаси 465,7 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 91,5 миллион доллар ёки 24 фоизга ўсди.
Бундан тўққиз-ўн йил аввал вилоятдан дунёнинг саноқли давлатига маҳсулот экспорт қилинган бўлса, бу йил сайёрамиздаги 26 мамлакатга 18 турдаги рақобатбардош маҳсулот ва хомашё экспорт қилинмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Афғонистон, Гонгконг, Хитой, Покистон сингари давлатлар воҳа маҳсулотларига харидорлар сафида етакчи ўринни эгалламоқда.

Айни пайтда яратилган халқаро йўлаклар орқали нафақат Сурхондарёда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар ва хомашё хорижга юборилмоқда, балки жаҳоннинг турли давлатларидан жануб орқали бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Термиз ўзининг стратегик ва геосиёсий жойлашуви билан фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун Евроосиё қитъасида транспорт ва логистика хаби сифатида муҳим кўприк вазифасини бажариб, Марказий Осиё давлатларини Афғонистон орқали Жанубий Осиё, яъни Покистон, Ҳиндистон ва Ҳинд океани портлари билан боғлайдиган энг қисқа транзит йўналишига айланмоқда. Ўтмишдаги тарихий анъаналар замонавий янги транспорт коридорлари кўринишида қайта бўй кўрсатмоқда. Янги Ўзбекистонда барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстона мулоқот ва тенг шерикликка асосланган манфаатли алоқалар йўлга қўйилаётир. Буларнинг барчаси Президентимиз ғояси билан халқаро майдонда юритилаётган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатнинг амалдаги самараларидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири