Сурхондарё мактабларида 56 нафар хорижий мутахассис фаолият юритмоқда
Сурхондарё вилоятида умумий ўрта таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ҳамда ўқувчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 56 нафар хорижий мутахассис педагогик фаолият олиб бормоқда. Улар ўқувчиларга замонавий таълим усуллари асосида сабоқ бериш билан бирга, маҳаллий ўқитувчилар билан ўзаро тажриба алмашмоқда.
Мазкур ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 28 август куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Хусусан, йиғилишнинг 28-сонли баёни 14.2-бандига мувофиқ, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда мамлакатимиз таълим муассасаларига 1 минг 500 нафар хорижий мутахассисни жалб этиш вазифаси белгиланган.
Сурхондарё вилояти мактабларида хорижий педагогларнинг фаолият юритаётгани ушбу ташаббуснинг амалий ифодасидир. Улар томонидан қўлланилаётган илғор ўқитиш услублари дарс машғулотларини янада мазмунли ташкил этиш, ўқувчиларнинг билимга қизиқишини ошириш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
[gallery-32237]
Шунингдек, хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик маҳаллий педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, халқаро таълим тажрибасини ўрганиш ҳамда таълим жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА