«Сурхон» ва «Андижон» чорак финалга чиқди
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган «Металлург» ва «Сурхон» жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтди ва унда асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди.
Ушбу учрашувда дастлаб «Сурхон» жамоаси аъзоси Камрон Саидазимов 34-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 66-дақиқада «Металлург» вакили Сирожиддин Қўзиев ҳисобни тенглаштирди. Экстра-таймларда ҳам ҳисоб ўзгармади ва жамоалар пенальтилар сериясига таклиф этилди. Унда «Сурхон» 7:6 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди.

Шунингдек, мазкур босқичдан ўрин олган «Олимпик» – «Андижон» баҳси 0:1 ҳисобида якунланди. Ўйиндаги ягона голга 30-дақиқада Рустам Турдимуродов муаллифлик қилди.
Бугун, 5 июль куни «Навбаҳор» – «Бухоро», «Бунёдкор» – «Қизириқ» жамоалари нимчорак финал босқичи доирасида ўзаро ўйин ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА