Сурияда оммавий норозилик намойишлари авж олди
“Al Jazeera” телеканали хабар беришича, Сурия ҳукумати томонидан ёқилғи нархлари оширилгач, мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида норозилик намойишлари авж олган.
Ҳукумат якшанба куни дизель ёқилғиси нархини 40 фоизгача, бензинни эса 28 фоизга ошириб, буни жаҳон бозорида ёқилғи харид қилиш харажатлари кескин ортгани билан изоҳлади.
Шунингдек, қайта ишлаш заводини таъмирлаш ва унинг қувватини кунига 80 минг баррелдан 130 минг баррелгача ошириш режалаштирилгани ҳам нархлар ўсишига сабаб сифатида кўрсатилди. Ҳама, Хaн-Шейхун ва Маарат ан-Нуъмaн шаҳарларида ўтган намойишларда одамлар кўчаларга тўпланиб, машина ғилдиракларини ёқишган.
Сурия энергетика вазири Муҳаммад ал-Баширнинг таъкидлашича, мамлакатда кунига 102 минг баррель нефть ишлаб чиқарилаётган бир вақтда, ички эҳтиёж учун 325 минг баррель талаб этилмоқда ва фарқ импорт ҳисобига қопланмоқда.
“SANA” давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Энергетика вазирлиги бозор ҳолатига қараб нархларни кўриб чиқишда давом этишини ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш бўйича узоқ муддатли ишларни амалга оширишини маълум қилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА