Сурия фонд биржаси қайта очилди
Сурия молиявий тизимига қўйилган халқаро чеклов юмшатила бошлаган бир пайт, фонд биржаси қайта очилиши мамлакат 14 йиллик фуқаролар урушидан кейин тикланишига ёрдам беради, деб ёзди "Euronews".
Дамашқ Қимматли қоғозлар бозорида олти ойлик танаффусдан сўнг яна савдо бошланди. Бу янгилик вайрон бўлган иқтисодиётни мустаҳкамлаш имконини беради.
Шу муносабат билан уюштирилган маросимда қатнашган молия вазири Муҳаммад Йиср Барние айтишича, фонд биржаси хусусий компания сифатида ишлайди, рақамли технологияга катта эътибор қаратган ҳолда иқтисодий тараққиёт учун ҳақиқий марказга айланади.
Ҳозир бизнес амалиётини осонлаштириш, истиқболли сармоявий имконият учун эшикларни очиш режалаштирилмоқда.
Олдинроқ Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Башар Асад сулоласи ҳукмронлиги даврида Дамашққа нисбатан жорий этилган кенг қамровли санкция олиб ташланганини эълон қилганди.
Дарвоқе, ўтган ҳафта Сурия Қатар, Туркия ва АҚШ компаниялари билан мамлакатнинг урушдан зарар кўрган электр тармоғи катта қисмини қайта тиклаш учун 5000 мегаватт қувватга эга энергия лойиҳаси ишлаб чиқиш учун 7 миллиард долларлик шартнома имзолади.
Мусулмон Зиё, ЎзА