Суперлига пешқадамларини жиддий синов кутмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Сўғдиёна" баҳси 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
“Бунёдкор” стадионида ўтказилган учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтди. Иккинчи бўлимнинг 71-дақиқасида мезбонлар вакили Луис Качорин ҳисобни очган бўлса, 88-дақиқада Самандаржон Мавлонқулов гол уриб, “Сўғдиёна” жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Шу тариқа, ҳар иккала клуб бу турда бир очкони ўз ҳисобларига қўшиб қўйди.

Бугун, 28 октябрь куни Суперлигада 22-тур учрашувлари якунланади. Турнинг сўнгги кунида “ОКМК” — "Нефтчи", "Динамо" — "Насаф" клублари баҳсига гувоҳ бўламиз.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда “Насаф” мусобақа жадвалида 21 ўйинда 46 очко тўплаб биринчи поғонада бормоқда. “ОКМК” эса 39 очко билан иккинчи ўриндан жой олган бўлса, бу турда дуранг қайд этган “Сўғдиёна” 37 очко билан кучли учликни якунлаб берган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА