Суперлига: “Андижон”ни Самарқандда жиддий синов кутмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 5-тур учрашувлари доирасида бугун 3 та учрашув бўлиб ўтади. Унда “Хоразм” – “Динамо” (18:00), “Навбаҳор” — “Машъал” (19:00) ва “Насаф” – “Андижон” (20:15) жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Шу ўринда, “Навбаҳор” — “Машъал” ва “Насаф” – “Андижон” клубларининг тўқнашувлари олдидан ўзаро ўйинлар статистикасини эътиборингизга ҳавола этсак.
Дастлаб, Тошкент шаҳридаги “Олимпия” стадионида ўтадиган “Навбаҳор” — “Машъал” клубларининг миллий чемпионатимиздаги ўйинлари тарихига назар ташласак. Бу жамоалар чемпионат баҳсларида 40 маротаба тўқнаш келган. Уларнинг 16 тасида "Машъал", 15 тасида эса "Навбаҳор" зафар қучган. Қолган 9 ўйин дуранг билан якунланган.

Муборакликлар рақиб дарвозасини 47 бор ишғол қилиб, 54 та гол ўтказиб юборган. Уларнинг 2025 йилги мавсумда ўтказган илк учрашувида “Навбаҳор” 6:0 ҳисобида ўз майдонида ғалаба қозонган бўлса, сўнгги баҳсда ҳисоб очилмаган.
Айни дамда “Навбаҳор” Суперлига жадвалида 6 очко билан саккизинчи ўринда бормоқда. "Машъал" эса ҳамон очкосиз қолган ҳолда энг сўнгги поғонада қолмоқда.
Энди эса Самарқанддаги “Динамо” стадионида бўлиб ўтадиган “Насаф” – “Андижон” жамоаларининг ўзаро ўйинларига тўхталиб ўтамиз. Клублар шу кунга қадар миллий чемпионат доирасида 48 бор ўзаро тўқнаш келган. Уларда “Андижон” 7 марта, “Насаф” эса 28 бор ғалаба қозонган. Яна 13 учрашувда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати эса 100/52 - қаршиликлар фойдасига.
Ўтган мавсумда жамоалар ҳар икки даврада ҳам бир хил — 1:1 ҳисобида дуранг қайд этгани билан ёдда қолган. “Андижон”нинг “Насаф” устидан сўнгги ғалабаси эса 2023 йилга тўғри келиб, ўшанда жамоа Қаршида 1:0 ҳисобида муваффақиятга эришган.
Дарвоқе, куни кеча миллий чемпионатимизнинг 5-тур учрашувлари доирасида “Бунёдкор” 2:0 ҳисобида “Локомотив”ни енгди. Учрашувдаги голларга Бобурбек Йўлдошев (14), Марко Бугарин (44) муаллифлик қилди. “Сўғдиёна” — “Қўқон-1912” учрашуви жанговар 2:2 ҳисобида якунланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА