Сунъий интеллектнинг таълимда долзарблиги нимада?
Биз бугун сунъий интеллект иборасини тез-тез ишлатишга ўргандик. Хўш, аслида бу сўзнинг асл маъноси нима ва унинг долзарблиги нимада?

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бош мутахассиси Акромжон Носиров билан суҳбат давомида ушбу саволларга батафсил жавоб олдик.
—Сунъий интеллект ўзи нима?
—Сунъий интеллект деганда рақамли технологиялар ёрдамида инсон онгининг айрим жиҳатлари масалан, мулоқот қилиш, муаммоларни ечиш, мантиқий фикрлаш, ўрганиш, моделлаштириш технологияси тушунилади.
—Сунъий интеллектнинг таълимда долзарблиги нимада?
—ХХI асрнинг энг устувор технологияларидан бири бўлган сунъий интеллект нафақат таълим жараёнларини бошқариш, балки таълим олувчилар учун муҳим контентларни яратиш ва уларга шахсийлаштирилган контентни таклиф этиш имконини бермоқда.
—Рақамли таълим тушунчасига изоҳ бера оласизми? Ўзи таълимни рақамлаштиришнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
— Рақамли таълим – бу ўқитиш ва ўрганишни сифатли, самарали, мазмунли, осон ва қизиқарли қилиш мақсадида рақамли технологиялардан фойдаланиш. Буларга мисол тариқасида педагогик дастурий воситалар, онлайн таълим платформалари, интерфаол, мультимедиал ва рақамли таълим ресурсларини келтиришимиз мумкин.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз жоизки, таълим жараёнларини рақамлаштиришнинг асосий мақсадларидан бири барча таълим олувчиларга исталган жойда ва вақтда таълим ресурсларини ўзлаштириш имкониятини яратиб беришдир.
Бундан ташқари, таълимни рақамлаштириш таълим жараёнларини бошқариш, сифат ва самарадорлигини ошириш, таълим берувчи ва олувчилар учун қўшимча имкониятлар яратиш, натижаларни яхшилаш, маълумотларни таҳлил қилиш, таълим хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш каби афзалликларни тақдим этади.
— Марказ томонидан таълим жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш ёки ушбу соҳага доир қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтинг.
— Таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази томонидан ҳам таълимни рақамлаштириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Буларга мисол тариқасида манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Рақамли таълим ресурслари ва улардан фойдаланиладиган дастурий воситаларга қўйиладиган умумий талаблар” ишлаб чиқилди. Ушбу умумий талабларнинг асосий мақсади таълим жараёнида фойдаланиладиган рақамли ресурслар ва педагогик дастурий воситаларнинг сифат ва самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Бундан ташқари, Марказ ва АҚШнинг Колорадо Боулдер университети корпоратив бошқарув кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унга асосан Phet Interactive Simulation платформасидан фойдаланиш бўйича педагог кадрлар учун семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Сабаби, бугунги кунда педагог нафақат ўзининг фанини чуқур ўзлаштириши, балки замонавий педагогик дастурий воситалардан фаолиятида самарали фойдаланиши ҳам муҳим саналади.
—Рақамли асрда ҳар бир педагог ўзининг фанини чуқур ўзлаштириши билан бир қаторда, рақамли технологиялардан хабардор бўлиши керак. Бу йўналишда Марказ томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Бу борада Марказ томонидан педагог кадрларимизга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг салоҳиятини янада ошириш бўйича методик марафонлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарори билан Марказга бириктирилган Учтепа туманидаги 129-сонли мактабнинг ўқитувчилари учун замонавий педагогик дастурий воситалардан фойдаланиш ҳамда рақамли саводхонлигини ошириш бўйича ўқув-семинар ташкил этилди. Бундай ўқув-семинарларни босқичма-босқич республикамизнинг бошқа мактабларида ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
Шу ўринда Марказ томонидан замонавий педагогик дастурий воситалардан фойдаланиш ҳамда рақамли саводхонлик кўникмаларини янада шакллантириш учун 10 дан ортиқ йўналишларда видео қўлланмалар тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали педагог кадрларимизга тақдим этиб келинмоқда.
— Сизнингча, сунъий интеллектнинг келажаги қандай?
— Сунъий интеллект кўплаб одамларга ва деярли барча соҳаларга таъсир кўрсатди ва дунёга турли йўллар билан таъсир қилишда давом этиши кутилмоқда. Сунъий интеллект буюмлар интернети, катта маълумотлар ва робототехника каби технологиялар ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Сунъий интеллект жуда катта миқдордаги маълумотлардан фойдаланиши ва қисқа вақт ичида идеал қарор қабул қилиши мумкин. Бу одамлар учун деярли имконсиздир. Сунъий интеллект инсоният учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда етакчилик қилади, масалан, саратон ва иқлим ўзгариши бўйича илғор технологиялар, ақлли автомобиллар, ақлли транспорт воситалари, шунингдек, космик тадқиқотлар.
Сунъий интеллект ҳисоблашнинг ривожланиши ва инновациянинг марказий босқичини эгаллади, яқин келажакда саҳнани тарк этмайди.
— Кўплаб инсонлар сунъий интеллект технологияларини келажакда инсонларни бошқариши мумкин деган тушунчага ҳам эга. Сиз нима деб ўйлайсиз? Бундай инновацион технологияларни таълим жараёнларига татбиқ этиш фойдалими ёки аксинча?
— Тўғри айтасиз, дунё олимларининг сунъий интеллект технологияларини жамиятга татбиқ этиш бўйича икки хил қарашлари мавжуд. Лекин, барчамизга маълумки, бундай технологияларнинг асосий мақсади инсон яшаш тарзини яхшилаш ва бизга хизмат қилиш учун кенг имкониятларни яратишдан иборатдир.
Албатта, бундай инновацион технологиялар таълим жараёнига татбиқ этилиши таълим сифати ва самарадорлигини ошириш учун хизмат қилади. Мисол тариқасида сунъий интеллектга асосланган виртуал ёрдамчилардан педагог кадрлар ва таълим олувчилар саволларига исталган вақтда жавоб олиш ҳамда методик ёрдамчи сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Бу борада Марказ томонидан “Таълим тизимида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш концепцияси” ишлаб чиқилмоқда. Мақсадимиз, бундай инновацион технологияларни таълим жараёнларига босқичма-босқич татбиқ этиш орқали, таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишдан иборат.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди.