Сунъий интеллект тараққиётида янги босқич
Бугунги кунда дунё тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланган сунъий интеллект технологиялари илм-фан, таълим ва иқтисодиётнинг барча соҳаларига чуқур кириб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Бухоро давлат техника университетида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда интеллектуал технологияларни ривожлантиришга хизмат қилаётган муҳим ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Марказий Осиё Сунъий Интеллект Ассоциацияси раиси Владимир Норов Бухоро давлат техника университетига ташриф буюрди. Меҳмон университетда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган замонавий лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида инновацион ғояларга асосланган “Energy-Auto-Parking” ақлли автотураргоҳ лойиҳаси тақдим этилди. Шунингдек, яқин истиқболда ташкил этилиши режалаштирилаётган “Сунъий интеллект” илмий лабораторияси фаолияти, ёш олимлар ва талабалар иштирокида амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ҳамда келгусида ҳаётга татбиқ этиладиган истиқболли ишланмалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Университет ректори Садоқат Сиддиқова ҳамда Владимир Норов ўртасида ўтказилган учрашувда сунъий интеллект соҳасида қўшма илмий тадқиқотларни ташкил этиш, халқаро тажрибаларни жорий қилиш, талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун янги имкониятлар яратиш, инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш каби устувор масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Марказий Осиё Сунъий Интеллект Ассоциацияси билан Бухоро давлат техника университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки томонлама илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш ва халқаро лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Тадбир сўнгида университетнинг IT марказида ташкил этилган “Сунъий интеллект” ва “Киберхавфсизлик” йўналишлари бўйича танловларда ғолибликни қўлга киритган иқтидорли талабалар ҳамда фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди. Бу эса ёшларнинг инновацион фикрлаши, илмий изланишларга қизиқиши ва замонавий технологияларни пухта эгаллашга бўлган интилишларига қанот бағишлайди.

Шубҳасиз, мазкур ташриф ва имзоланган ҳамкорлик меморандуми Бухоро давлат техника университетини нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда сунъий интеллект соҳасидаги етакчи илмий-таълим марказларидан бирига айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу каби ҳамкорликлар натижасида инновацион ғоялар ҳаётга татбиқ этилиб, янги технологиялар яратилади, иқтидорли ёшлар салоҳияти юксалади ва мамлакатимиз рақамли тараққиётига муносиб ҳисса қўшилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири