Сунъий интеллект соҳаларга қай даражада татбиқ этилмоқда?
Бугунги кунда сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш, айниқса, давлат бошқаруви ҳамда соҳа ва тармоқларга кенг интеграция қилиш, тармоқлараро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан сунъий интеллект технологиялари бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати юзасидан соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Депутатлар, Рақамли технологиялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Энергетика ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари масъул ходимлари иштирокида ўтган мулоқотда сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳуқуқий ва институционал асослар яратилгани, Президент қарори билан 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси тасдиқлангани қайд этилди.

Қарорда давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа устувор тармоқларда сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш вазифалари белгиланган. Айниқса, давлат органлари фаолиятига сунъий интеллект ечимларини кенг татбиқ этиш, миллий рақамли платформаларни ривожлантириш, маҳаллий IT-компаниялар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мулоқот давомида вазирликлар томонидан сунъий интеллектни амалиётга жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2030 йилга қадар 20 та AI ечимини жорий этиш, 1500 дан ортиқ тиббиёт муассасасини қамраб олиш, диагностика вақтини 30–50 фоизга қисқартириш ва йилига 500 минг соат шифокорлар меҳнатини тежаш режаларини тақдим этди.

Энергетика вазирлиги нефть-газ, электр энергетикаси ва гидроэнергетика объектларида интеллектуал мониторинг ва видеоаналитика тизимлари жорий этилаётганини маълум қилди. Транспорт вазирлиги жамоат транспортини бошқаришда сунъий интеллект, Face Pay ва Palm Pay тўлов тизимлари ҳамда электрон рухсатномаларни автоматик текшириш механизмларини тақдим этди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 100 дан ортиқ хизматни бирлаштирган AgroPortal платформаси, космик мониторинг, геоахборот тизимлари ва сунъий интеллект асосида ҳосилдорликни прогнозлаш лойиҳалари, шунингдек, Корея Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган рақамли агротехнологиялар ҳақида маълумот берилди.
Муҳокамаларда сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга кенг татбиқ этишни жадаллаштириш борасида таклифлар билдирилди. Мазкур йўналишдаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА