Судьялик касб эмас, ҳаёт тарзидир
Андижон вилоят судида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Унга соҳа фахрийлари, судьялар ҳамда тизимда фаолият юритаётган ёш ходимлар таклиф этилди.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби суд тизимида ҳам устоз-шогирд анъаналари беқиёс аҳамиятга эга. Айниқса, ёш судьялар, суд идораларида хизмат қилиб келаётган кадрларнинг кўп йиллар шу йўналишда меҳнат қилиб, тизимда сочи оқарган фахрийлар билан доимий мулоқотлари йигит-қизлар учун катта тажриба мактабидир.
Учрашувда У. Мингбоев кейинги йилларда соҳага берилаётган эътибор, кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритиб, одил судловни таъминлашда кенг билим ва дунёқараш, мустақил фикр, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, ўзи қабул қилган қарор учун жавобгарликни зиммасига олиш масъулияти каби жиҳатлар судья учун ғоятда муҳим эканини таъкидлади.
[gallery-14866]
Қайд этилдики, судья нафақат суд жараёнида, балки ҳамма жойда юксак маънавиятли шахс эканини намоён қилиши шарт. Инсоний фазилатларга эга бўлмай туриб, ҳар қандай муайян суд ишини оқилона ҳал қилиш амри маҳолдир. Қолаверса, “Судьялик - бу касб эмас, балки ҳаёт тарзидир” деган эзгу ғояни ушбу мақомга эга бўлган мутахассисларнинг наинки ўзлари, уларнинг ота-оналари, оила аъзолари ҳам чуқур англаб етишлари даркор.
Учрашувда Андижон вилоят суди раиси Фарҳоджон Ғаниев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, соҳа фахрийси Мирзадаврон Ғофуров, Судьялар ассоциацияси Андижон филиали раиси Адҳам Дадахонов, жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди судьяси Азизбек Одилов сўзга чиқиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
ЎзА фотомухбири Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ олган суратлар.