Судьяларнинг кибержиноятларни кўриб чиқиш бўйича малакаси оширилмоқда
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамкорлигида Навоий шаҳрида «Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар: аниқлашдан суд ҳукмига қадар» мавзусида ўқув курси ўтказилди.
ЕХҲТнинг «Кибер ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишда миллий салоҳиятни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ўтказилган ўқув машғулотларида Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларининг 20 нафар судья ва раислари иштирок этди.

Таъкидланганидек, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги замонда кибержиноятчилик, шу жумладан маълумот ёки пул маблағларини ўғирлаш, аккаунтларни бузиш, веб-сайтлар ва ахборот тизимларига ҳужум қилиш каби ҳолатларга ҳар биримиз дуч келишимиз мумкин. Бундай жиноятлар рақамли муҳитда содир этилиши туфайли уларни тергов қилиш ва ҳуқуқий таснифлаш маълум қийинчиликлар туғдиради. Шу боис, судьяларнинг бу турдаги жиноятларни кўриб чиқиш бўйича малакасини ошириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Ўқув курси доирасида кибержиноятларга қарши курашишнинг асосий жиҳатлари, уларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда рақамли далиллар билан ишлаш ва рақамли криминалистика асослари атрофлича муҳокама қилинди. Блокчейн технологиялари, криптоактивлар ва даркнет тармоғида содир этиладиган жиноятларни тергов қилиш билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, трансчегаравий кибержиноятларни тергов қилишда халқаро ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини таъминлаган ҳолда суд жараёнида рақамли далиллардан фойдаланиш ва уларни баҳолаш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида бундай тренингларни Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Нукус ва Хива шаҳарларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.
ЎзА