Судьялар олий мактабида навбатдаги маърифий суҳбат
Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилари – бўлажак судьялар учун сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятига бағишланган навбатдаги маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб тадбирда сўз олган таниқлисиёсатшунос, профессор Нарзулла Жўраев давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилган маънавият тушунчаси ҳақида тингловчиларга маъруза қилди.
Мазкур давра суҳбатига сиёсатшунос олимнинг таклиф этилиши ҳам бежизга эмас. Чунки, маънавий ҳаёт билан узвий боғлиқ бўлган жамиятнинг сиёсий ҳаётида давлат ва ҳокимият муносабатлари алоҳида ўрин тутади.
– Маънавият – энг муҳим ва ҳамма шуғулланиши керак бўлган масала, -деди тингловчилар билан суҳбатда таниқли олим.– Маънавият миллатни тараққиётга етакловчи, давлатнинг қудратини оширувчи муҳим омил саналади. Зеро, инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади.
Дарҳақиқат, темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўртлаштиради. Шу маънода масъулиятли касб эгалари – бўлажак судьяларнинг китоб мутолаа қилиши ғоятда муҳим.
Бу нафақат қонунларни яхши билиш ва амалиётда қўллай олиш, балки иш моҳиятига тўғри ёндашишга ҳам катта ёрдам беради. Қолаверса, равон нутқ, кенг тушунтириш, олийжаноблик ва инсонпарварлик каби фазилатлар айнан китобхонлик орқали шаклланади.
ЎзА